Ўзбекистон янгиликлари

Малайзияда ўтказилган Қуръон мусобақасида иштирок этган қория Муфаззала Сайдалиева билан суҳбат

Малайзияда ўтказилган Қуръон мусобақасида иштирок этган қория қизимиз Муфаззала Сайдалиева билан бўлган суҳбатни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

– Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳ! Авваламбор, Малайзияда ўтказилган Қуръон мусобақасида юртимиз номидан иштирок этиб, фахрли ўрин олганингиз билан муборакбод этамиз. Шунингдек, Ўзбекистоннинг қори ва қорияларни тарбиялаб етиштириш бўйича саъй-ҳаракатларини бутун дунёга намоён этишга қўшган ҳиссангиз учун ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Шу ўринда ўзимизни, қолаверса, Қуръонга ошно бўлган ҳамюртларимизни қизиқтирган баъзи саволлар бор, шуларга ўзингиздан жавоб олсак деган ниятда эдик. Айтингчи, Қуръони каримни неча ёшда ёд олгансиз?

– Ваалайкум ассалом ва роҳматуллоҳ! Сизга ҳам ташаккур, Қуръони каримни ёшлигимдан ота-онам ўқитишган, 12 ёшимгача Қуръонни ёдлашимга ёрдам қилиб, шароитлар яратиб беришган. Аллоҳим ота-онамни улкан ажрлар билан мукофотласин. Мактабни битирганимдан сўнг “Хадичаи Кубро” Ислом билим юртига ўқишга ҳужжат топшириб, кира олмаганман. Аммо, Аллоҳимга шукур, 3 йил ўтиб, коллежни битирибоқ, Олий Маъҳадга ўқишга кирдим. Бу ерда Қуръонни мустаҳкамлаш билан бирга, унинг маъноларини ҳам ўрганяпман.

– Ҳозирги кунда Қуръони каримни қанча муддатда такрорлаб турасиз?

– Қуръондан ҳар куни ярим порадан такрор қилиб, устозимиз Зафар қори Маҳмудовга топшириб турибман. Роббим каломини қувваи ҳофизамга мустаҳкамласа, иншааллоҳ, Қуръони Каримни бир ўтиришда тўлиқ топшириш ниятидаман.

– Малайзиядаги Қуръон мусобақаси сиз қатнашган халқаро мусобақаларнинг биринчиси бўлдими?

– Ҳа, Малайзиядаги Қуръон мусобақаси мен учун биринчи халқаро Қуръон мусобақаси бўлди. Мусобақа ниҳоятда кўтаринки руҳда ўтди. Бизни у ерда аъло даражада кутиб олишди, меҳмон қилишди ва ҳурмат-эҳтиром билан кузатишди. У ердаги Ўзбекистон элчихонаси вакиллари кутиб олиш ва кузатиб қўйишда махсус машиналарда хизматимизда бўлишди ҳамда 10 кун давомида ҳолимиздан хабар олиб туришди.

Малайзиядаги барча ташкилотчиларга ва мутасадди ходимларга ўз миннаддорчилигимизни билдирамиз. Шунингдек, у ердаги Ўзбекистон Элчихонасига ҳам ташаккурлар айтамиз. Барчаларидан Аллоҳ рози бўлсин.

– 2018 йилда юртимизда бўлиб ўтган Қуръон мусобақасида ҳам қатнашган эдингиз. Малайзиядаги халқаро мусобақа билан юртимизда ўтган мусобақани қандай ўхшашликлари ҳамда қандай фарқли жиҳатлари бор?

– Призидентимиз ташаббуси билан ўтказилган 2018 йилда юртимизда бўлиб ўтган Қуръон мусобақаси Малайзиядаги Халқаро Қуръон мусобақасига қўйилган асосий қадамлардан бири бўлди ва мана шу мусобақадаги тайёргарликларимиз ва ўрганган билимларимиз, тажрибалармиз халқаро Қуръон мусобақасида юқори балларни эгаллашимизга сабабчи бўлди, десак муболаға қилмаган бўламиз. Чунки, у ердаги баллар тизими дейсизми, тиловатдаги саволлар ярим кун олдин берилиши дейсизми, буларнинг барчасига биз ўтган йили шоҳид бўлганмиз. Шунинг учун ҳам, ўтган йилги мусобақада эришган ютуқларимиз бизга жуда катта ёрдам берди. Баҳолаш тизимининг ниҳоятда пишиқ тузилгани ўз устимизда қаттиқ ишлашимизга туртки бўлди ва қандай ишлаш лозимлигини ҳам уқтирди. Хуллас, 2018 йилги Қуръон мусобақаси ҳам халқаро мусобақадан савия жиҳатдан ҳам, тартиб-интизом жиҳатдан ҳам кам бўлмаган эди, десак, адолатли баҳо берган бўламиз. Айниқса, бизнинг мусоақадаги шукуҳ, тўғриси, ўша халқаро мусобақада ҳам топилмайди. Буларнинг барчаси учун мусобақа ташкилотчилари, хусусан, баҳолаш тизими ҳамда бошқа ишларда бош‑қош бўлган устоз Ҳасанхон қори акага, шунингдек, етакчи ҳакамлардан Таҳфизул‑Қуръон кефаедраси мудири устоз Жаҳонгир қори Неъматовга ва бошқа устозларга ташаккурлар айтамиз.

Тиловатдаги шартларга келадиган бўлсак, Малайзиядаги Халқаро мусобақада ҳам 4 та шарт, яъни, тажвид, тараннум, фасоҳат, савт бўлди. 2018 йилги Ўзбекистон Қуръон мусобақасида ҳам худди шундай шартлар бўлгани самараси ўлароқ, ушбу мусобақадан сўнг, халқаро мусобақада қатнашган қори-қорияларимизнинг савияси аввалги йиллардаги халқаро мусобақада қатнашган қори-қорияларимизнинг савиясидан анча юқорилиги кўриниб турибди. Сиз бунинг исботини бу йил халқаро миқёсда ҳифз йўналиши бўйича Ўзбекистоннинг 4 ўрингача кўтарилганида ҳам кўришингиз мумкин.

Таъкидлаш лозимки, аввалги йилларда Ўзбекистон бу каби юқори натижани ҳали кўрсатмаган эди. Аллоҳ қодир қилса, яна ўз устимизда ишласак, излансак, ўзимиз учун шароитлар яратсак, бу йилги натижалар ғолиблик марраларига олиб чиқади деб умид қиламан.

– Мусобақа ҳақидаги таассуротларингизни ўртоқлашсангиз.

– Айни ўқувчиларга қизиқарли бўлиши учун, ўзимизнинг камчиликларимизу ютуқларимизни ҳам айтиб ўтмоқчиман.

Мусобақа жараёнида жуда кўп ўзим учун фойдалар олдим, камчиликларимни ҳам, ютуқларимни ҳам сарҳисоб қилдим.

– Мусобақада 69 та давлатдан келган 100 та қори ва қория иштирокчи қатнашди. Қорилар ҳифзда ҳам, тиловатда ҳам деярли адашмай гўзал тиловат қилиб беришди ва юқори баҳо олишди. Қориялар эса тиловатда олдинга ўтиб кетгандилар. Юртимизда бундай гўзал, таъсирчан тиловат қиладиган қорияларни топиш қийин. Аллоҳим юртимиздан ҳам шундай қорияларни кўплаб чиқишини насиб қилсин. Ана шундай гўзал тиловат қилувчи қориялардан бири Малайзиядан Фарҳаҳ Файрузаҳ исмли қиз 1 ўринни олди. Мусобақанинг дастлабки кунлариёқ у билан танишиб олган эдим. Очиқ кўнгилли қиз экан, бирга нашидлар айтдик. Бу аснода ундан қироатни гўзаллаштириш борасида ҳам кўп нарсаларни ўргандим.

«Жуда гўзал тиловат қилар экансан. Тараннумдан устозинг ким», десам, «My teacher is my mother», яъни, менинг муаллимим онам, деди. Онаси ҳам олдимизда ўтирган эди. «Унда онанг менга ҳам устозлик қилсин», дедим. Улар кулиб юборишди: «Асосий устозим онам, лекин у тараннум бўйича эмас. Устозларим кўп, уларга ҳам мени онам етаклаб олиб борган», деди. У Малайзиядаги етук қори ва қориялардан таълим олган экан. У ҳам ёшлигидан Қуръон ўқишни бошлаган экан. Унинг гўзал тиловат қилишга иқтидорини кўрган онаси ҳар бир йўналишда махсус устозлардан Қуръондан таълим олишини таъминлаган экан.

Менинг илк устозларим ота-онам бўладилар, улар Қуръондан саводимни чиқарганлар. Қуръонни ёдлашимда Андижон Қуръон мактабида тарқалган методика асосида ўқитганлар. Олий Маъҳаддаги устозлардан эса Қуръонни тажвид билан ўқиш борасида билимимни оширдим. Бироқ, у ерда мақомотлар бўйича мутахассис устозлар бўлмагани, бу борада махсус дарслар қўйилмагани учун бу борада умр йўлдошим менга ёрдам бердилар. Улар Қуръонни Абдулбосит қори, Муҳаммад Сиддиқ Миншавийларнинг 7 мақомдаги қироатларини тинглаб, ўрганиб юрар эдилар. Шу боис, у киши менга арабий савтда ўқиш, мақомларни, оҳанг йўналишларини ажратишимда яхши кўмак бердилар.

Қуръон мусобақаларида яхши натижага эришиш учун аввало Қуръонни гўзал қироат ила, қалбдан қалбга етадиган қилиб, бехато ва адашмай ўқиб бера олиш керак. Бунинг учун, аввало, кишининг қалбида тақво бўлиши керак, дейди устозларимиз. Шу билан бирга, Қуръонни устоздан оғизма‑оғиз таълим олиб, ундан ўтказган бўлиш керак. Қуръонни ўргатувчи устозда эса Пайғамбаримиз соллаллалоҳу алайҳи васалламга туташган силсиласи занжири бўлиши лозим.

Мусобақаларда ҳакамлар ҳайъати ҳам ана шундай ижозага эга, тажвид аҳкомларини ипидан игнасигача биладиган, чуқур илмли устозлардан иборат. Уларнинг талабларига жавоб бериш учун махсус ижозага эга устозлардан таълим олишнинг аҳамияти катта экан. Зеро, Қуръонни асл ҳолатда нозил бўлгандек ўқий олиш учун ҳам шундай таълим шарт.

Қуръонни гўзал оҳангда ўқишни ўзлаштиришда ҳам алоҳида устоз бўлса, яхши экан. Бизда одатда қори ва қориялар оҳангларни фақат тақлид орқали ўрганишади. Аммо бунинг назарий билимини устозлардан ўрганилса, қироатдаги тараннум ҳам талабга жавоб бера оладиган даражага чиқади. Бунинг учун қорида тараннум учун туғма иқтидор бўлиши ҳам талаб қилади.

Мусобақади тиловат йўналиши бўйича 7 мақомдан энг камида 4 тасида ўқиб бериш шарт қилинган. Саралаш босқичидан ҳам 7 та мақомда тиловат қила олган қори ва қорияларгина ўта олишди. Алҳамдулиллаҳ, камина ҳам ушбу имтиҳондан ўтиш бахтига мушарраф бўлдим.

Иштирокчи ўн мутавотир қироатнинг қайси бирида ўқиса ҳам жоиз. Ғолиб бўлган қориларнинг аксари «қироатул‑ашар» ‒ машҳур ўн қироатдан биз билмайдиган қироатлардан бирида ўқиди. Биз фақат ўзимизда кенг ёйилган қироат ‒ Ҳафснинг Осимдан қилган ривоятида ўқидик.

Тиловат йўналишидаги билетлар эртлаб соат 9-10 ларда танланди. Кўрсатилган жойни шомдан кейин минбарга чиқиб тиловат қилиб беришим керак эди. Бу ҳаяжонлик, масъулиятлик онларда ёрдам қўлини чўзувчиларга жуда муҳтож бўлдик. Бир бетни энг камида 4 хил арабий мақомда қироат қилиб бериш керак эди. Берилган оятларни қўлдан келганча машқ қилиб ўқиб, юртимизда ўтган 2018 йилги Қуръон мусобақасида тиловат бўйича Республика босқичи ғолиби Оминахон опага, ҳайъат аъзоларидан устоз Жасур қорига ва Мисрдаги Ҳусайнхон қори акага юбордик. Аллоҳ ҳаммаларидан рози бўлсин, маслаҳатларини аямадилар. Айниқса, устоз Ҳусайнхон қори аканинг маслаҳатлари ҳам жуда фойдали бўлди.

Тиловат асносида содир бўлган биргина хато ғолиблар билан бир сафда туришдан тўсилишимга асосий сабаб бўлди. Бошқа камчиликлар ҳам ўтган бўлса керак. Бу ҳолат устимизда янада кўпроқ ишлашимиз кераклигини яна бир уқтирди. Аллоҳ насиб қилса, келгусида халқаро Қуръон мусобақаларида Ўзбекистоннинг байроғини ғолиблар сафига олиб чиқиш ниятидамиз ва бу борада сиз Қуръон мухлисларининг дуоларингизга ниҳоятда муҳтожмиз. Барчаларингизга икки дунё яхшилигини сўраб қоламан.

Манба: Quran.uz расмий телеграм канали

Read 2582 times

Янгиликлар

Top