Қатар тараққиёт фонди Ўзбекистондаги лойиҳаларда иштирок этади

Жорий йилнинг 30 апрель – 2 май кунлари Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов бошчилигидаги делегация Доҳа шаҳрида (Қатар Давлати) бўлиб ўтган Осиёда ҳамкорлик мулоқоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг (ОҲМ ТИВК) 16-мажлисида иштирок этди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.

Осиё ва Яқин Шарқ давлатлари ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари турли жабҳаларда самарали шерикликни йўлга қўйиш бўйича янгича ечимларни ҳамда «ОҲМ нигоҳи – 2030»га биноан Осиё халқларининг умумий интилишларини рўёбга чиқариш мақсадида барқарор ривожланишнинг ижтимоий ва иқтисодий стратегияси масалаларини кўриб чиқдилар.

Ўзбекистон делегацияси раҳбари нутқида мамлакатнинг Осиёда ҳамкорлик мулоқоти ролини оширишни изчил қўллаб-қувватлаши, ОҲМнинг мақсадлари Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида олиб борилаётган замонавий сиёсат йўналишига мос келиши қайд этилди.

ТИВК доирасида «Кичик ва ўрта бизнес – барқарор иқтисодий фаровонликнинг янги ҳаракатлантирувчи кучи» мавзусидаги бизнес-форум ўтказилди.

ОҲМ ТИВК 16-мажлиси якунида Осиёда ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг истиқболлари борасидаги умумий қарашларни ўзида акс эттирган Доҳа декларацияси қабул қилинди.

Қатар давлати раҳбари номидан ташкил этилган расмий тадбир чоғида Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматовнинг амир Тамим бин Ҳамад Ол Таний билан қисқа суҳбати бўлиб ўтди. Амир Президент Ш.Мирзиёевга самимий саломларини ва эзгу тилакларини етказиб қўйишни сўради. У Ўзбекистон Қатар учун Марказий Осиёдаги асосий давлат ва истиқболли шерик ҳисобланишини таъкидлади.

Ташриф доирасида Доҳа шаҳрида Ўзбекистон делегацияси Қатар ташқи ишлар вазири Муҳаммад бин Абдулраҳмон Ол Таний билан икки томонлама учрашув ўтказди.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон – Қатар кун тартибининг комплекс масалалари муҳокама қилинди. Сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестиция, маданий-гуманитар ва бошқа жабҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларига асосий эътибор қаратилди.

Учрашувда Ўзбекистон ва Қатар ўртасидаги икки томонлама сиёсий маслаҳатлашувларни, Савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия йиғилишларини мунтазам ўтказиб бориш, Ишбилармонлар кенгашини ва ҳамкорликнинг бошқа институтларини ташкил этиш тўғрисидаги таклифлар қўллаб-қувватланди.

Қатар тараққиёт фонди раҳбарияти билан ҳам музокаралар ўтказилди. Учрашувда Оролбўйи учун кўп томонлама шериклик асосидаги Траст фондига ҳамда Ўзбекистонда таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни амалга ошириш учун Фонд молиявий маблағларини жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди.

GWC Қатар логистика компанияси раҳбари билан бўлган учрашувда Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, нефть ва газ соҳаларида ва бошқа тармоқларда замонавий логистика марказларини ташкил этиш бўйича узоқ муддатли ҳамкорликни ўрнатиш имкониятлари кўриб чиқилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1911 times

Янгиликлар

Top