Маълумки, Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан 2019 йил
15 май куни Бухородаги Мир Араб олий мадрасасида ўрта махсус ислом таълим муассасалари битирувчилари ўртасида “Ягона олимпиада” танловининг республика босқичи ўтказилди.
Мазкур танлов муносабати билан Мир Араб олий мадрасасига республикамиздаги 9 та ўрта махсус ислом таълим муассасаларидан иштирокчи талабалар, шунингдек, ўқитувчилар ҳамда таълим муассасалари раҳбарлари ташриф буюрди.
Танлов якунланган, 16 май куни Мир Араб олий мадрасасига “Ягона олимпиада” танлови муносабати билан ташриф буюрган диний таълим муассасалари раҳбарлари, ўқитувчилари ва талабалари Олий мадраса ходимлари ҳамда талабалари билан биргаликда дунёга машҳур бўлган Бухоройи шарифдаги “Етти пир” – Абдухолиқ Ғиждувоний, Хожа Ориф
ар-Ревгарий, Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий, Хожа Али Ромитаний, Хожа Муҳаммад Бобойи Самосий, Саййид Амир Кулол ва Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг қабрлари жойлашган зиёратгоҳларни зиёрат қилишди.
Зиёрат давомида меҳмонларга Мир Араб олий мадрасаси ректори Х.Юлдашходжаев ушбу авлиё зотларнинг ибратли ҳаёти, қолдирган илмий мероси, мазкур зиёратгоҳларда Президентимиз топшириғи билан олиб борилаётган кенг кўламдаги ободонлаштириш ишлари ҳақида маълумотлар берди.
Қайд этиш лозимки, ташкил этилган мазкур зиёрат муҳтарам Президентимиз даъватига ижобат бўлди. Зеро, Президентимиз Ш.Мирзиёев ҳам жорий йилнинг 29 март куни Бухородаги “Етти пир”нинг биринчиси ҳисобланадиган Абдухолиқ Ғиждувоний мақбарасини зиёрат қилиш асносида: “Китобда ўқиш бошқа, зиёрат қилиб, юракдан ўтказиб ўрганиш бошқа. Бу жой маърифат маркази бўлиши, одамлар ўзига илм олиб кетиши керак”, деб таъкидлаган эди ва Абдухолиқ Ғиждувоний мажмуасига имом-хатибларни жалб этиб, уларга алломаларимиз маънавий меросини тўғри ва чуқур ўргатиш, халқимизга етказиш бўйича топшириқлар берган эди.
Мир Араб олий мадрасаси Матбуот хизмати