Ўзбекистон янгиликлари

Тошкентдаги жоме масжиднинг янги биносига  биринчи ғишт қўйилди

Бугун, 29 май – Рамазон ойининг файзли кунида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Тошкент шаҳри Олмазор тумани “Сирож Солиҳ” жоме масжидининг янгидан барпо этилаётган биносининг биринчи ғиштини қўйиб бериш учун ташриф буюрдилар. Жоме масжид пойдеворига тамал тошини қўйиш жараёнида муфтий ҳазратлари ушбу масжид мўмин-мусулмонлар учун зиё ва ҳидоят тарқатувчи, ёшлар маърифати юксалишида ҳисса қўшадиган даргоҳ бўлишини тилаб, дуои хайрлар қилдилар.
Тошкент шаҳрининг Қора-қамиш мавзесидаги “Сирож солиҳ” жоме масжиди 1990 йилларда Собиқ шўролар давридаги қатағон сиёсати оқибатида ўз юртидан чиқиб кетишга мажбур бўлган Сирожиддин Солиҳ исмли ватандошимизнинг васиятига кўра, у кишининг маблағлари ҳисобидан қурилган.
Қарийб 30 йил мобайнида масжид таъмирталаб ҳолга келиб қолди. Қолаверса, охирги пайтларда масжид жамоати сезиларли даражада ортиб, хонақоҳ торлик қилаётган эди. Маҳалла аҳли эзгу ният билан масжидни қайта қуриш таклифини илгари суришди. Ушбу хайрли ташаббус мутасадди ташкилотлар томонидан қўллаб-қувватлангач шу йилнинг январь ойида масжидда қайта қуриш ишлари бошлаб юборилди.
2000 метр квадрат майдонида қуриладиган масжид лойиҳаси ўзига хослиги, миллий ҳамда замонавий масжидларнинг услубларини ўзида акс эттирганлиги билан ажралиб туради. Хонақоҳ ва пастки қисм жами 3500 намозхонни сиғдиришга мўлжалланган. Шунингдек, аёллар учун алоҳида таҳоратхона ва намозхона ўрин олиши режалаштирилган.
Тадбирда уламолар, маҳалла фаоллари, мўйсафид отахонлар ва кенг жамоатчилик вакиллари ҳам иштирок этишди.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими

Read 2671 times

Янгиликлар

Top