Рамазон-2019

“Лайлатул Қадр”  кечасини сир тутилишининг сабаблари

Танловга! 

Лайлатул қадр - йил давомидаги энг афзал кеча...

Аллоҳ таоло бу кечани ойлар султони Рамазон ойига хослади ва бу кечада Қуръони Каримни Ўз Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қила бошлади. Аллоҳ таоло “Қадр” сурасида айтадики:

“Албатта, Биз у(Қуръон)ни Лайлатул Қадрда туширдик” (1-оят)

Мана шу ояти карима ҳам қадр кечасининг қадри қанчалик улуғ эканини кўрсатади.

Лекин Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бу кечани барча инсонлардан сир тутди.

Уламоларимиз бу сир тутишликнинг бир неча сабаблари бор эканлигини айтишади.

Қуйида уларнинг баъзиларини келтириб ўтамиз:

- Имом Фахр ар-Розий роҳимаҳуллоҳ ўзларининг ”Тафсийул кабир” китобларида шундай деганлар: ”Аллоҳ таоло бу кечани бир неча сабаблар туфайли махфий қилди.

Биринчи сабаб: Аллоҳ таоло баъзи бир нарсаларни яширгани каби у кунни ҳам яширди.

Мисол учун, бандаларини барча тоат-ибодатига ундаш учун ўз розилигини тоатларига, барча гуноҳлардан сақланишлари учун ғазабини маъсиятларга, инсолар барчалари бир бирларини ҳурмат қилишлари учун ўз валийларини инсонлар ичига ва кўпроқ дуо қилишлари учун эса ижобатини дуоларга яшириб қўйди. Шу билан бирга, барча исмларини улуғлашлари учун ”Исми Аъзам”ини, барча намозларга эътиборли бўлишлари учун ”ўрта намоз”ни, кўпроқ тавба қилишлари учун тавбаларининг қайси бири қабул бўлганини ва доим хавфда бўлишлари учун ўлим вақтини махфий қилди. Худди шунингдек, Рамазоннинг барча кунларини ғанимат билишлари учун бу кечани ҳам махфий қилди.

Иккинчи сабаб: Аллоҳ таоло бу кечани яширгани сабаби ўлароқ айтадики: Агар сиз бандаларимни гуноҳга бўлган жуъратингизни била туриб, бу кечани маълум бир кунга таъйин қилганимда ва сизлар нафсингизни гуноҳга ундаши туфайли ана шу кунда гуноҳ қилиб қўйсангиз. Ва натижада, билиб туриб қилган гуноҳингиз, билмай қилган гуноҳингиздан оғирроқ бўлар эди. Ана шу сабаддан, мен сизларга бу кечани сир тутдим.

Учинчи сабаб: Бандам бу кечани излаб топишга ҳаракат қилиб, шу қилган саъй-ҳаракати сабабли савобга эришишлари учун бу кечани махфий қилдим.

Тўртинчи сабаб: Қачонки банда Лайлатул қадр қайси кун эканини билмаса, Рамазоннинг ҳар бир кечаси қадр кечаси бўлиши мумкин деб ҳар бир кечани тоат ибодат билан ўтказади ва Аллоҳ таоло бундай бандаси билан фаришталарга мақтанади ва уларга “сизлар “ерда фасод тарқатиб қон тўкадиган кимсани яратасанми?”- деган эдингизми?” - деб айтади ва кўриб қўйинглар дейди.

Аллоҳ таоло барчамизни шундай улуғ кечага етишни ва кўплаб ажрларга эришишимизни насиб қилсин.

 

Интернет маълумотлари асосида тайёрланди.

Тошкент Ислом институти 2-курс талабаси

Муҳаммад Али Муҳйиддин

Read 41817 times

Янгиликлар

Top