Ўзбекистон янгиликлари

“Вақф” фондига нисбатан тарқатилаётган айрим нохолис фикрларга муносабат

6 июнь куни ижтимоий тармоқлардаги айрим нохолис манбаларда “Вақф” фонди фаолияти ҳақида асоссиз гап-сўзлар тарқатилди.

Хабарларда Рамазон ҳайити куни тушган хайр-эҳсон пулларини “Вақф” фондига тўла ўтказиш тартибига нисбатан гўёки баъзи масжидларда норозилик билдирилаётгани иддао қилинган.

Маълумки, “Вақф” фонди ташаббуси билан хайрия тадбирларини ўтказиш, муҳтож оилаларга ёрдамлар кўрсатиш, ночор масжидларнинг қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш ҳамда даромади кам масжидлар имомларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ишларининг кўлами борган сари кенгайиб бормоқда.

Жумладан, даромади кам масжидларда меҳнат қилаётган 750 нафар имом-хатибларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида, ҳар ойда қўшимча ойлик маош тўлаб келинаётганини алоҳида қайд этиш керак.

Хайрия сифатида тушадиган маблағлар “Вақф” фондининг алоҳида ҳисоб рақамида тўпланиши ва сарфланишида тўлиқ шаффофлик таъминланган. Фонднинг vaqf.uz доменида очиқликни таъминлаш имкониятини берувчи, йиллик, ойлик ва ҳаттоки кунлик сарф-ҳаражатларни ҳам кузатиб бориш имконияти мавжуд.

Афсуски, ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган маълумотлар Фонд фаолияти ҳақида объектив тасаввурларга эга бўлмаган, журналистик суриштирув ўтказмаган шахсларнинг субъектив ёндошувининг маҳсулидир.

Биринчидан, Фондга масжидлардан тушадиган маблағларнинг 75 фоизи масжид сарф-харажатлари учун мунтазам қайтариб борилади. Бу амалиётни сайтнинг “Статистика” http://vaqf.uz/uz/transactions/statistics бўлимидан кўриш мумкин. Шу бўлимда Фонд томонидан ҳар куни амалга оширилган ҳаражатлар ҳақида маълумотлар бериб борилади. Масалан, Фонд ташкил этилганидан буён масжидлардан 71 миллиард сўм келиб тушган бўлса, қарийб 60 миллиард сўм  масжидларга қайтарилганини кўриш мумкин.

Иккинчидан, Фонд ихтиёрида қолаётган 25 фоиз маблағ эса масжид ва мадрасаларни қуриш-таъмирлаш, диний соҳа ходимлари ва талабаларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга сарфлаб келинмоқда.

Аввал юртимизнинг бир неча ҳудудларида Фонд томонидан янги масжидларни қуриш ишлари олиб борилаётгани ҳақида хабар қилинганини алоҳида таъкидлаш керак.

Масалан, биргина даромади кам масжидлар имом-хатибларига ойлик иш ҳақи бериш учун шу кунга қадар 1,2 миллиард сўм сарфланди.

Учинчидан, хабарда хайрия маблағлари пуллари “Вақф” фондига ўтказилаётгани сабаб масжид харажатларини қоплашга маблағ етмаётгани қайд этилганига келсак, юртимизда олис ва чекка ҳудудларда жойлашган юзлаб масжидлар моддий қўллаб-қувватлашга муҳтож ҳисобланади. Фонд ихтиёрида қолаётган маблағлар ҳисобидан мана шундай кам даромадли масжидларга маблағлар йўналтирилиб, уларнинг фаолияти ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватланади.

Тўртинчидан, Рамазон ҳайити куни тушган маблағлар тўлалигича “Вақф” хайрия жамоат фонди ҳисобига кирим қилиниб, ушбу маблағларнинг 40 фоизи масжидларнинг сарф-харажатлари учун ўзларига қайтарилади.

Бешинчидан, масжидга тушган хайрия пуллари тегишли идоралар вакилларини жалб этган ҳолда ҳисоб-китоб ва инкассация қилинаётганидан асосий мақсад, ушбу маблағларнинг айланмасини шаффофлигини таъминлашдир.

Ижтимоий тармоқларда бирёқлама, асоссиз ёндашувларни тарқатишдан кўзланган мақсад одамларни ҳақиқий ҳолатдан чалғитиш, “Вақф” фонди фаолиятига нисбатан ишончсизлик уйғотиш орқали фуқароларимизнинг йил сайин кўлами кенгайиб бораётган хайрия ишларига путур етказишдек ғаразли мақсадлар кўзлангани эҳтимоли ҳақида хулоса қилиш мумкин.

“Вақф” фонди матбуот хизмати

Read 2322 times

Янгиликлар

Top