Ўзбекистон янгиликлари

Катта йўл ёқасидаги масжид қайтадан қурилади

Парвардигоримизга шукурки, юртимиздаги тинчлик, осойишталик ҳамда муқаддас динимиз, бебаҳо қадриятларимизни асраб авайлашга бўлган давлат даражасидаги эътибор сабаб, масжидларимиз кўркам қиёфа касб этмоқда. Бинолари эскириб, нураб қолган масжидлар ўрнида янги масжидлар қад ростламоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 февралдаги “Муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳлар, масжидлар ва қабристонларни ободонлаштириш  ишларини самарали ташкил этиш тўғрисида”ги 120-сон қарорига мувофиқ ҳудудларда фаолият юритаётган масжидларнинг эски биноларини реконструкция қилиш ва таъмирлаш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланган бўлиб, унга кўра Республика бўйича 159 та масжид тўлиқ қайтадан қурилади.

Ана шу дастурга мувофиқ “Сирож солиҳ”, “Тўқмоқ ота”, “Хўжакент”, “Сори эшон Абдали” масжидларининг қайта қурилишига илк ғишт қўйилгани ҳақида хабар берган эдик.

Куни кеча Жиззах вилояти Фориш туманидаги "Янгиқишлоқ" жоме масжиди биноси қурилишига илк тамал тоши қўйилди. Маросимда Жиззах вилоят ҳокими ўринбосари Э.Исматов, вилоят бош имом-хатиби Меҳмонали домла Жабборов ва бошқа мутасаддилар, масжид жамоати иштирок этдилар. Йиғилганлар хайрли дуо, эзгу ниятлар билан табаррукона биринчи ғиштни қўйиб бердилар. Масжид тез орада қад кўтариб, ҳудуд аҳолисининг диний-маърифий билимлари, ахлоқи, ибодатлари учун мунаввар маскан бўлиб хизмат қилишини тиладилар.

Алоҳида қайд этиш лозимки, мазкур масжид Жиззах-Нурота-Навоий катта йўли ёқасида жойлашган бўлиб, зиёрат туризми ҳамда маҳаллий йўловчиларнинг ибодатларини адо этиб олишлари  учун қулай нуқта ҳисобланади. Шу боис, олти сотихдан ортиқ майдонда қурилаётган янги масжид 800 кишини сиғдира оладиган катта хонақоҳ, таҳоратхона, аёллар учун намозхона, қўшимча маъмурий хоналардан иборат бўлиши режалаштирилган. Аҳамиятлиси, масжид ҳовлисида ёрдамчи хўжалик ташкил этилиб, иссиқхона барпо этиш кўзда тутилган.

 

 

 

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими 

 

 

 

 

Read 2494 times

Янгиликлар

Top