Ўзбекистон янгиликлари

“Лайк” талвасаси

Ҳеч бир инсон ўзини нодонлик ва жоҳилликда айблашларига чидаб тура олмайди. Аммо, қилаётган ишлари уларнинг ким эканни кўрсатиб туради. Ундай инсонлар учун атрофдагилар ойна бўлиши ҳамда ўзларига хулоса чиқариши лозим.

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида бир гуруҳ ёшлар ўртасидаги баҳсдан сўнг йигитлардан бирига бензин қуйиб, ёқиб юборилгани ва у ўзини сувга отгани ҳақидаги видеони такрор ва такрор намойиш этилмоқда. Мазкур лавҳаларни кўрган томошабинларнинг баъзилари ҳайратланиб, мириқиб кулса, соғлом, ақли расо одамлар эса бу “шоввозларни” руҳан хастага чиқаришмоқда. Воқеликни таҳлил қилиш ва кимнидир қоралашдан аввал мазкур ҳолатнинг тавсифига тўхталиш мақсадга мувофиқдир. Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси ушбу ҳолат юзасидан берган маълумотига кўра, ушбу шахсларнинг барчаси (тўрт нафар)  Хоразм вилоятида яшайди, улардан бири 1992 йилда, қолган уч нафари эса 1999 йилда туғилган. Видеода қайд этилган ҳолат 18 июнь куни Урганч шаҳридан оқиб ўтувчи Шовот канали устидаги пиёдалар ўтиш кўпригида содир бўлган.

Танасида ёниб турган олов билан сувга сакраган шахс 19 июнь куни шифохонага мурожаат қилган, унга «оловдан чап қўл елка, бўйин, иккала курак ва бел соҳалари I-II-IIIА даражали термик куйиш. С-20%. Куйиш касаллиги, куйиш шоки ўрта оғир даражаси» ташхиси қўйилиб, тиббий ёрдам кўрсатилган.

Аввало, келтирилган манбалар воқеа бир гуруҳ ўсмир ёшларнинг гаров  ўйнашидан бошланганлигини таъкидламоқда. Яъни, ҳодиса қаҳрамони танишлари билан устига бензин қуйилган ҳолда кўприкдан сувга сакраш хусусида гаров боғлаган.

Ислом динимизда гаров боғлаб ўйнаш тақиқланган ва у қимор сифатида таъкидланади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда қиморни ёмонлаб шундай марҳамат қилади: “Сендан хамр ва қимор ҳақида сўрарлар. Сен: “Иккисида катта гуноҳ ва кишилар учун манфаат бор ва гуноҳлари нафларидан каттадир”, деб айт  (Бақара сураси, 129).

Яна бир оятда Аллоҳ таоло айтади: “Эй имон келтирганлар! Албатта, май (маст қилувчи ичимликлар), қимор, бут-санамлар ва (фол очадиган) чўплар шайтоннинг ишидан иборат ифлосликдирки, ундан четланингиз! Шояд (шунда) нажот топсангиз” (Моида сураси, 90-оят).

Юқоридаги оятлар орқали Аллоҳ таоло қимор ҳаром экани ва нақадар ёмон иш эканини очиқ ойдин баён этмоқда. Кишиларнинг гаров боғлаб баҳслашишлари ҳам қимордан ўзга нарса эмас. Айни шижоатга тўла даврда, билим олиб келажагини қурадиган ёшлар дунёси ва дини учун ҳеч қандай манфаати йўқ аксинча жони ва молига зарар берувчи, Аллоҳ таолонинг ғазабига дучор қилувчи амаллар билан шуғулланаётгани кишини ўйга толдиради.

Баланд кўприкда яланғоч ҳолатда турган йигит, дўстлари томонидан устига бензин қуйилиши ва олов ёқилишига мамнунлик ва кибр ила розилик билдириши унинг тарбиясида улкан нуқсон борлигини ҳамда насиҳатга муҳтож эканидан дарак бермоқда. Унинг устига бензин қуйган ва олов ёққанлар эса разилликдан бошқа иш қилаётгани йўқ.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда инсоннинг шаънини баён қилиб: “Биз одамзотни азизу мукаррам қилиб яратдик ҳамда уларни сувда ҳам, қуруқликда ҳам юрадиган қилиб қўйдик. Уларга ҳалол-пок нарсалардан ризқ ато этиб, уларни бошқа ҳамма махлуқотдан афзал этдик”- деб марҳамат қилган (Ал-Исро сураси, 70-оят). 

Мазкур оят инсоннинг қадру қиймати нечоғли баланд эканини очиқ ойдин кўрсатади. Парвардигор одамзотга шунчалик мурувват кўрсатган экан, инсон бу неъматнинг қадрига етмоғи, унинг шукрини адо этмоғи, қолаверса ўша мақом ва даражага мос тарзда ҳаёт кечирмоғи лозим бўлади. Бугун оила, таълим даргоҳи ва жамият фарзандларимизга ўзининг ким эканини ва юқоридаги оятнинг моҳиятини етарлича тушунтира олмаётгандек гўё.

Ҳаёт инсон учун берилган энг қадрли омонатдир. Шунингдек, у Аллоҳ таоло томонидан инсонга топширилган имконият ва масъулиятдир. Инсон бу неъматни асраб авайлаши, унга хиёнат қилмаслиги лозим, акс ҳолда энг оғир жиноятга қўл урган, ўз зиммасига катта гуноҳ орттирган бўлади. Қуръони каримда инсонни ўзининг яшаш ҳуқуқига тажовуз қилишидан ман этилиб: “Ўз қўлингиз билан ўзингизни ҳалокатга ташламангизлар”- дейилган (Бақарасураси, 195-оят).

Ўзларининг қилаётган ишларидан завқланиб “қаҳрамонлик” қилаётган бу ёшларнинг оқибатни ўйламаслиги, хурмача қилиқлари фожеа билан тугаши мумкинлини англамасликлари ҳам буларда диний-маърифий, маънавий-аҳлоқий тушунчалар йўқлигидан дарак беради. Агар шу ишлари натижасида бирлари ҳалок бўлса, Аллоҳ таоло қайтарган ишни бажарган, ўзини ўз қўли билан ҳалокатга ташлаган бўлади.

Масаланинг яна бир нозик томони бор. Ҳали ҳаёт ташвишларини татиб кўрмаган, умрининг энг ғанимат дамларида инсон ақлига сиғмайдиган ишлар билан шуғулланаётган бу ёшларга нима керак? Жавоб эса барчамизни ташвишга солади. Уларга машҳурлик, ижтимоий тармоқлардаги “лайк” (ёқди) ва эътироф керак. Энг аянчли томони, шу видеони тарқатиб ўз канали ва гуруҳи обуначиларини кўпайтирмоқчи бўлган “блоггер” ва “админ”лар ҳам етарлича топилади. 

Айни дамда биз ёзган мақола ёҳуд насиҳатомуз фикрларни “қаҳрамон”ларимиз ўқимаслиги ёки эътибор бермасликлари мумкин. Аммо, ўзгалар бундан хулоса чиқариши шарт. Шу ишни оддий ҳол тарзида қабул қилиш, эътиборсизлик ҳаммамиз учун улкан ташвиш ва мусибатга айланиши ҳеч гап эмас. Мазкур ҳолатдан етарлича хулоса чиқармаслик бугун Хоразмда рўй берган воқеа эртага бошқа жойда рўй бермаслигига ҳеч кафолат бермайди. Фақат ҳодисанинг шакли ва тури ўзгариши мумкин. Ёшлардаги “лайк” талвасаси, машҳурлик ва эътирофга кўр-кўрона, нодонлик ила интилиш ва бу йўлда ҳар қандай қабиҳ ишдан тап тортмаслик хавотирлидир.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2704 times

Янгиликлар

Top