Ўзбекистон янгиликлари

Самарқандда Ҳажга борувчилар учун ўқув-семинари ташкил этилди

Маълумки, юртимизда ҳар йил Ҳаж ва Умра ишлари юқори савияда ташкил этилади. 2017 йилдан бошлаб 7200 та ҳамюртларимиз Ҳаж амалини адо этиш бахтига муяссар бўлиб келмоқдалар. 2019 йил Ҳаж ибодатини амалга ошириш учун Самарқанд вилоятидан 450 нафар фуқаролар Саудия Арабистони мамлакатига жўнаб кетадилар.

Ҳаж ишларини янада юқори савияда ташкил этиш, Самарқанд вилоятидан Ҳаж сафарига борувчилар учун ибодатга доир малака ва кўникмаларни шакллантириш мақсадида ўқув-семинар ҳамда зиёрат ташкил этилди. Ушбу ўқув-семинар ва зиёрат 9 кундан иборат бўлиб, Ҳаж амалини адо этувчи 450 нафар номзодлар 50 кишидан 9 та гуруҳга бўлинган ҳолда машғулотларда иштирок этадилар.

22 июнь куни мана шундай ўқув-семинарнинг биринчиси ташкил этилди. 50 нафар семинар иштирокчилари ўзларига бириктирилган гуруҳ раҳбари ҳамкорлигида Самарқанд вилоят вакиллиги биносидан махсус ажратилган автобусда Имом Бухорий мажмуасига йўл олдилар. У жойда дастлаб Имом Бухорий ҳазратларининг қабрлари зиёрат қилиниб, ҳақлари тиловат ва дуолар ўқилди.

Шундан сўнг Имом Бухорий номли олий ҳадис мактаби ва халқаро илмий тадқиқот маркази фаолияти билан танишув бўлиб ўтди. Имом Бухорий халқаро марказининг йиғилишлар залида Ҳаж ва Умра зиёратини бажариш бўйича тайёрланган видео қўлланма монитор орқали намойиш этилган ҳолда ўқув машғулоти ўтказилди. Жума намози адо этилиб, тушлик қилинганидан сўнг ўқув-семинар қатнашчилари Самарқанд шаҳрига келиб, биринчи Президентимиз И.А.Каримов қабрлари ва "Ҳазрати ҳизр" мажмуасини зиёрат қилдилар.

Бу каби ўқув машғулотлар орқали кўникмага эга бўлган зиёратчиларда ўз ибодатларини янада мукаммал ва бекамикўст бажаришлари учун малака ҳосил бўлиши шубҳасиздир. Ўқув-семинар давом этмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2179 times

Янгиликлар

Top