Ўзбекистон янгиликлари

Имомлар ва отинойилар болаларнинг суннат тўйларини ўтказиб бердилар

Бугунда  Фарғона вилоятининг маркази ҳисобланган Фарғона шаҳрида 18 нафар имом-хатиб ва имом-ноиблари, 36 нафар отинойилар фаолият олиб бормоқда. Улар ҳудудда истиқомат қилаётган аҳолининг диний-маърифий ва ижтимоий кўмакка оид тадбирларида доимо кўмак бериб келаётганлари эътиборга моликдир.

Жорий йилнинг 22 июнь куни Фарғона шаҳрида фаолият олиб бораётган имомлар ва отинойилар ташаббуси билан 10 нафар боқувчисини йўқотган ва имконияти чекланган болалар учун хатна тўйи ташкил этилди. Тадбирда вилоят бош имом-хатиби ўринбосари А.Наимов ҳамда қатор ҳамкор ташкилотлар мутасаддилари иштирок этди.

Абу Умомадан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай марҳамат қилганлар: “Ким Аллоҳ учун бир етимнинг бошини силаса, қўли нечта сочнинг устидан ўтса, шунча ҳасанот ёзилади. Ким ўз ҳузуридаги етим қизга ёки болага яхшилик қилса, мен ўша одам билан жаннатда мана бундай бўламан”, деб икки бармоқларини яқинлаштирдилар. 

Тадбирда сўзга чиққанлар тўй болаларни келажакда юксак иймон-эътиқод соҳиби, Ватанига садоқатли фарзанд бўлиб камол топишини тилаб, дуога қўл очдилар. Бир қатор ҳомий ташкилотлар болаларга ўзларининг эсдалик совғаларини топширдилар.

Дунёда бола кулгуси, шодлигиданда ширин манзара йўқ. Унинг беғубор табассуми ҳар қандай тош қалбни ҳам эритиб юборади. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳудек зотлар мурғак қалб соҳибларидан дуо олар эди. Бу кеча қилинган ишларнинг ҳамма-ҳаммаси Раҳмонга суюкли амал – болага табассум, меҳр-муҳаббат улашиш ниятида бўлди.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими

Read 2151 times

Янгиликлар

Top