Ўзбекистон янгиликлари

Тошкент вилоятида фаолият олиб бораётган отинойилар учун ўқув-семинари ташкил этилди

2019 йилнинг 1 июль куни Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳар Кимёгарлар маданият саройида Ангрен, Олмалиқ, Оҳангарон шаҳар ва Пискент, Оҳангарон туманида фаолият олиб бораётган отинойилар учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилоят вакиллиги ҳамда Тошкент вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан ўқув семинари ташкил этилди.

Семинарни Тошкент вилояти бош имом-хатиби Х.Турматов ҳамда Тошкент вилояти ҳокими ўринбосари А.Қўчқоровлар кириш сўзи билан очиб бердилар ва амалга оширилаётган ислоҳотлар, бугунги кунда диний соҳа ходимларининг, хусусан, отинойиларнинг олдида турган вазифалар ҳақида тўхталиб ўтдилар, қўйилган вазифаларни бажаришда, жамиятда юзага келаётган муаммоларни ҳал қилишда отинойиларнинг малакаси ва масъулиятини янада ошириш борасида фикр юритдилар, шунингдек, мана шу каби ўқув семинарлари отинойиларнинг фаолиятини янада яхшилашга, улар дуч келаётган масалаларга жавоб топишга хизмат қилажагини таъкидладилар.

Ўқув семинари давомида мутахассислар томонидан қилинган «Исломдаги ақидавий ва фиқҳий йўналишлар», «Мумтоз тасаввуф ва замонавий тариқатчилик», «Аёлларга хос фиқҳий масалалар, меъёрий ҳужжатларга риоя этилишини таъминлаш», «Ислом асосларини ғаразли мақсадларда бузиб талқин қилиш» мавзулари доирасида маърузалар тингланди, шундан сўнг отинойилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар, фаолиятлари давомида дуч келаётган масалалалар юзасидан ўзаро фикр алмашдилар.

Таъкидлаш жоизки, бу каби ўқув семинари ҳафта охиригача 5 та ҳудудга бўлинган ҳолда Тошкент вилоятининг барча туман ва шаҳарларида фаолият олиб бораётган отинойилар учун ўтказилиши режалаштирилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2066 times

Янгиликлар

Top