Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистонлик зиёратчилар жума намозини Пайғамбармизнинг муборак масжидида ўқидилар

Бугун Мадина шаҳри зиёратчилар билан янада гавжумлашди. Бунинг биринчи сабаби, ҳажга келувчилар сони кун сайин ортаётган бўлса, иккинчиси, жума намозини Пайғамбаримизнинг муборак масжидида ўқиш умидида яқин атрофдан келган намозхонларнинг кўпайганлигидир.

Ўзбекистонлик зиёратчилар элликбошилар кўмагида ибодатларини адо этишмоқда.

- Бу жойга ҳамма ҳам келавермайди, Оллоҳ суйган бандаларинигина чақиради, -дейди самарқандлик отахон Эгамберди Маҳматқулов. - Ҳалол меҳнат қилиб, боғ яратдим, одамларнинг корига ярадим. Мана, 84 ёшимда бир умрлик орзуим ушалди. Бундан жуда хурсандман. Юртимиз тинч ва обод бўлиб, ҳаммани шу кунларга етказсин.

Юртимиз зиёратчилари жойлашган меҳмонхонанинг шундоқ рўпарасидаги «Масжид ан-Набавий» жума намозига бир неча соат аввал намозхонлар билан тўлди. Хусусан, юртимиздан келган зиёратчилар жума намозини Расулуллоҳнинг муборак масжидида адо этиб, юртимиз равнақини Яратгандан сўраб дуо қилдилар.

- Бу масжидда намоз ўқишликнинг фазли бошқача, - дейди Намангандан келган отахон Абдумутал Камолов. - Чунки бу ердаги бир намоз бошқа масжидлардаги минг намозга тенглиги ҳақида ҳадислар бор. Ҳаж амалини бажариш учун Мадинага келганимдан, биринчи жума намозини «Масжид ан-Набавий»да ўқиганимдан жудаям бахтиёрман.

Саид Рахмонов

Read 2442 times

Янгиликлар

Top