Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистонлик зиёратчилар умра амалини адо этдилар

Мадинаи мунаввара зиёратини тамомлаган ўзбекистонлик зиёратчилар Макка шаҳрида иззат-икром ила кутиб олинди.

Муқаддас икки шаҳарнинг ораси 460 километрни ташкил этади. Ушбу масофа автобусда ўртача тезликда 5-6 соатда босиб ўтилади. Аммо эҳром боғлаб, “Зул-Ҳулайфа” масжидида умрага ният қилган ибодатчилар йўл олислигини сезишмади ҳам. Тилидан “лаббайка” тушмаган йўловчилар шаҳарга кириб келганини сезмай ҳам қолишди.

Макка — Саудия Арабистонининг ғарбида жойлашган бўлиб, атрофини тоғлар қуршаб олган гўзал шаҳар. Айни пайтдаги ҳарорат билан юртимиздаги ўртасидаги катта фарқ сезилмайди. Буни юртдошларимизнинг деярли барчаси таъкидлашмоқда. Улар шаҳардаги энг ҳашаматли ва кўркам меҳмонхоналардан бири — “Аброж ал-Ҳидоя”да жойлашдилар.

25 қаватли меҳмонхонадан шаҳар кафтдек кўринади. Айниқса, юқори қаватига чиқсангиз, атрофнинг гўзаллигига боқиб тўймайсиз. Дастлаб эътиборингиз бир-биридан баланд бинолар тортади. Назаримизда, уларга осмонўпар таърифидан кўра, қояларга бўйлашган иморатлар ташбеҳи кўпроқ мос тушади. Зеро, маҳаллий аҳоли айтганидек, маккаликлар тоғларни талқон қилишнинг уддасидан ҳам чиқади.

Дарҳақиқат, шаҳарда ер ресурслари чеклангани янги имкониятларни ишга солиш, аниқроғи, тоғларни ўзлаштиришга ундамоқда. Инсон қўли, сангтарошлик маҳорати ила баланд қоялар ўрнида маҳобатли иморатлар қад растлаяпти. Бу жараёнда бир зум бўлса-да, тўхтагани. Чўққи устида ишлаётган экскаваторларни кўриб, ақлингиз шошади. Уларга басма-бас қилгандек, бир маромда ҳаракатланаётган кранларга қарасангиз, бошингиздаги дўппингиз тушиб кетди.

Янги объектларнинг аксариятини меҳмонхоналар ташкил этади. Бироқ айни ҳаж мавсумида бўш номерларни топиш қийин. Ўзбекистон томони ҳамкорлик қилаётган ширкатлар тақдим этган меҳмонхона хизматларидан барча бирдек мамнун.

— Ўн нафар болани тарбиялаб вояга етказдим, — дейди тўқсон ёшнинг остонасида турган чинозлик Саври ая Розиқова. — Оллоҳга шукр, уларнинг ҳаммаси ўзидан тинган. Ҳозир, тўрттаси пенсияга чиқиб, қарилик гаштини суряпти. Фарзандлар роҳатини кўришдан ортиқ бахт йўқ она учун.

Барака топишсин, меҳмонхонадагилар ҳам худди ўз боламиздек ғамхўрлик қиляпти. Ҳамма шароит бор. Ошхонада ўзбекистонлик ошпазлар ширин таомлар тайёрлаб беришмоқда. Шифокорлар бўлса, ҳолимиздан хабар олиб турибди. Лекин, очиғини айтсам, ҳажга келиб, ўзимни ёшаргандек, тетик ҳис қиляпман.

“Аброж ал-Ҳидоя” меҳмонхонасидан Каъбатуллоҳга автобус қатнови йўлга қўйилган. Транспортлар икки тарафга узлуксиз, 24 соат давомида ҳаракатланади.

Зиёратчилар гуруҳ раҳбарлари ҳамроҳлигида тилдан талбияни қўймагунча  Масжидул Ҳарамга йўл олишди.

Ҳарам инсоният, маданият ўчоғи, ҳар қандай ёмонлик, ҳаққа тажовуз тақиқланган муқаддас жойдир. Унинг қоқ марказида инсонлар учун қурилган илк ибодат маскани — Каъбаи муаззама жойлашган. Муқаддас китобларда келтирилишича, у Оллоҳнинг уйидир. Бу ерга келган, шу жойдан паноҳ топган мўмин-мусулмонлар эса унинг меҳмонидир.

— Яратганга минг қатла шукр, унинг байтини зиёрат қилиш, Каъбани тавоф этишга муяссар бўлдим, — дейди қўқонлик фахрий педагог Муҳиддин Қаландаров. — Ёшим 78 да. Ибодат аввалида ички ҳадик катта эди. Сабаби, кейинги 2-3 йилдан буён оёқларим оғриқ бера бошлади. Буни қарангки, Парвардигорнинг инояти, меҳрибонлиги бўлдими, ўша оғриқдан асар ҳам қолмади. Ишонасизми, Каъбани ҳеч кимнинг кўмагисиз етти марта айланиб, тавоф қилдим...

Отахоннинг кўзларидан шукрона ёшлари дув-дув тўкилади. Тўлқинланганича, Сафо тепалигига чиқиб, Марва ўртасида саъй қилганини, зам-зам сувидан қониб-қониб ичгач, қушдай енгил бўлганини ҳақида гапиради.

Дарвоқе, ҳадисларда келтирилишича, зам-зам қорни очга таом, касалга шифодир. Яъни у нима ният билан ичилса, албатта, унга эришилар экан. Яна кўплаб ҳам диний, ҳам илмий манбаларга қараганда, зам-зам ер юзидаги энг яхши, энг покиза сув ҳисобланади. Унинг таркиби ҳеч қачон ўзгармаган, йиллар давомида сақланса ҳам таъми бузилмаган. Бу сувнинг яна бир мўъжизавий хусусияти тугамаслигидир. Чиндан ҳам, ҳар йили бу қудуқ сувидан миллионлаб зиёратчилар ичадилар, ўзлар билан олиб кетадилар. Аммо бир хил меъёрда сув беради.

Айни пайтда Марва тепалиги остида зам-замни тўплайдиган ва уни совутадиган марказ ташкил этилган. Совутиш учун эса унинг ўзидан қилинган муз қўшилади, холос. Хоҳловчилар зам-замнинг совитилмаганидан ичиши учун ҳам зарур шарт-шароитлар яратилган.

Умрани бажариб бўлган зиёратчиларнинг қайси бири билан суҳбатлашмайлик, замзам сувини ичгач, чарчоқлари унут бўлгани, ўзларини тетик ҳис қила бошлаганини айтишади. 

Ҳа, Макка — Оллоҳ назари тушган, Ўзи азиз қилган муқаддас манзил. Бинобарин, ҳазрати Одам алайҳиссалом Момо Ҳавони шу ерда топди, улар, йўқотган жаннатга шу ерда етишдилар. Ҳазрати Иброҳим алайҳиссалом, у зотнинг завжалари Ҳожар она ва ўғиллари Исмоил шу ерда Оллоҳнинг оғир синовидан шараф билан ўтдилар. Охирги замон пайғамбари Муҳаммад (с.а.в.) инсониятга қаратилган сўнгги илоҳий хитобни шу ерда қабул қилдилар...

Умрани бажарган ўзбекистонлик зиёратчилар Зулҳижжа ойининг саккизинчи тунига қадар, яъни ёлғон арафагача Каъбани тавоф қилиб, тоат-ибодатда бўладилар. Халқимиз, юртимиз хаққига дуода бўладилар.

Саид РАҲМОНОВ

Read 2281 times

Янгиликлар

Top