Ўзбекистон янгиликлари

Моҳир Қуръон ҳофизи билан илмий учрашув ташкил этилди

2019 йил 29 июль куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Миср Араб Республикасидаги Ал-Азҳар Университетининг моҳир қироит илми устози Алижон Қори Файзуллоҳ Махдум ўғли билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда Марказ илмий ходимлари ва Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги малака ошириш маркази Самарқанд вилояти минтақавий филиали тингловчилари иштирок этди. Бу ҳақда ИБХИТМ Матбуот хизмати хабар берди.

Илмий суҳбат самимий ва эркин тарзда кечди шайх Алижон қори томонидан қироат илми аҳамияти, қироат имомлари ҳаётидаги ибратли воқеалар, хусусан, бизга замондош бўлган қироат устозларининг панд-насиҳатлари ҳақида таъсирли маъруза қилинди. Айниқса, устоз қорилар ҳаётидаги мўъжизавий ҳолатлар ҳақидаги ҳикоялар йиғилганларда ўзгача таассурот қолдирди.

Учрашув давомида юртимиздаги қироат илми ҳолати, уни ривожлантиришдаги режалар, бу борадаги имом хатиблар ва диний соҳа ходимлари зиммасидаги вазифа ҳамда масъулиятлар ҳақида фикр-мулоҳазалар билдириб ўтилди. Тажвид қоидалари амалиётига оид умумий тушунча берилиб, айрим қоидалар намуна тариқасида амалий ифодаланди.

Маълумот ўрнида, Алижон Қори Файзуллоҳ Махдум ўғли (Ҳайдаров Алижон Файзуллаевич) ўзбекистонлик, Жиззах вилоятининг Ғаллаорол тумани фарзанди. 1995-йилда Ўзбекистон Мусулмонлари идораси томонидан Миср Араб Республикасидаги Ал-Азҳар Университетига илк бора ўқишга юборилган. 1996-йилда Ўзбекистон Республикасига қайтиб келиб, 1997-йилда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамасининг 478-чи фармойишига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамаси қошидаги Диний қумита томонидан Ал-Азҳар Университетига ўқишини давом эттириш учун қайта юборилган. Қуръони карим илмлари ва қироат бўйича катта устоз бўлиб етишган. Ўн қироат бўйича ижоза соҳиби, мазкур қироатларнинг бир нечта ривоятлари ила моҳири бўлган, Мисрдаги ўнлаб уламолардан таҳсил олган шайх Алижон қори, ўзи ҳам кўплаб шогирдлар чиқариб келмоқда.

Жорий йилда шайх Алижон қори “Қуръон ила сафар” сарлавҳаси остида юртимизнинг кўплаб диққатга сазовор жойларига ташриф буюриб, халқимиз қалбига Қуръон нурларини улашмоқда. Шунинг билан бирга унинг иштирокида “muslim.uz” сайтида “Қуръон қалб шифоси” мавзусидаги туркум маърифий суҳбатлар тайёрланмоқда.

Илмий учрашув якунлангач Марказ директори ўринбосари Ш.Умаров ва шайх Алижон қори ўртасида алоҳида мулоқот ўтказилди. Мулоқот давомида марказ фаолияти ҳақида батафсил маълумот берилди, хусусан буюк алломаларимиз ҳаёти ва меросини ўрганиш, уларнинг нодир асарларини ўзбек тилига ўгириб, халқимизга етказиш йўлида хизмат қилаётган “таржимонлик гуруҳи”нинг амалга оширган ва ошираётган ишлари Шайх Алижон қорида ўзгача таассурот қолдирди.

Шайх Алижон қори Марказни ташкил этилишида ташаббус қилиб, мазкур иншоатни барпо этиб, халқаро майдонларда ҳам Марказ ҳақида фикр билдириб келаётган Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг ташаббус ва таклифларини қўллаб-қувватлашини билдириб ўтди. Марказ билан яқиндан алоқада бўлиши, доимий ҳамкорлик ва истиқболли режаларни биргаликда амалга оширишда ёрдамга тайёр эканини билдириб, самимий учрашув учун ташаккур изҳор этди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2248 times

Янгиликлар

Top