Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистонлик зиёратчилар Қубо масжидига ташриф буюрди

Жорий йилда Ҳаж зиёратини амалга ошириш мақсадида Саудия Арабистонига 4 миллиондан ортиқ зиёратчилар ташриф буюради. Уларнинг кўпчилиги Макка ва Мадина шаҳарларидаги тарихий масканларни ва музейларни томоша қилиш истагини билдирадилар.

Макка ва Мадина шаҳарларидаги тарихий жойларни томоша қилиш ҳар бир зиёратчининг орзусидир.

Уҳуд жанги бўлиб ўтган майдон, Саид ал-Шуҳада, Ал Жума, Қубо, Қиблатайн, Ижабаҳ, Жамама, масжидларини кўриш истагида бўлганлар кўпчиликни ташкил этади.

Жорий йилнинг 1 август куни ўзбекистонлик зиёратчиларнинг бир гуруҳи Мадина шаҳридаги Қубо масжидини зиёрат қилдилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким уйида таҳорат қилиб, Қубо масжидига келиб намоз ўқиса, умранинг савобини олади”, деб марҳамат қилганлар. Юртдошларимиз ана шу ҳадиси шарифга амал қилиб, чиройли таҳоратлар олиб, хушбўйликлар сепиб, покиза ҳолда Қубо масжиди зиёратига келиб, бу ерда ҳам икки ракатдан намоз ўқидилар.

Қубо масжиди Мадинаи мунавварада қурилган дастлабки масжиддир. Бу масжидни Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Тавба сурасида зикр қилган:
لاَ تَقُمْ فِيهِ أَبَداً لَّمَسْجِدٌ أُسِّسَ عَلَى التَّقْوَى مِنْ أَوَّلِ يَوْمٍ أَحَقُّ أَن تَقُومَ فِيهِ فِيهِ رِجَالٌ يُحِبُّونَ أَن يَتَطَهَّرُواْ وَاللّهُ يُحِبُّ الْمُطَّهِّرِينَ
“Сен у (масжид)да ҳеч қачон турма! Албатта, биринчи кундан тақво асосида қурилган масжидда турмоқлигинг ҳақдир. Унда покланишни севадиган кишилар бор. Аллоҳ эса покланувчиларни севадир” (108-оят).

Бу муборак жойларни кўрган, Пайғамбаримизнинг муборак қадамлари теккан заминда юрганига севиниб кўзларига ишона олмаётган, уларнинг ибратли ўтмишидан хабардор бўлган отахону онахонларнинг қувончлари чексиз бўлиб, қалблари тўлқинланиб, имон-эътиқодлари янада зиёда бўлди.
Уларнинг лаблари тинимсиз пичирлаб, Аллоҳ таолога ҳамду сано, Пайғамбар алайҳиссаломга дуруду салавот, шундай муборак жойларга етиб келишларига шароит яратиб берган муҳтарам Президентимизга ва барча мутасаддиларга раҳматлар айтишди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2317 times
Tagged under

Янгиликлар

Top