Ўзбекистон янгиликлари

Қурбон ҳайити муносиб нишонланади
Мамлакатимизда фуқароларнинг эмин-эркин ибодат қилишлари, мусулмонларнинг ўз зиммаларидаги диний арконларни бекаму кўст адо этишлари учун зарур барча шароитлар яратилган.
 
Тинч-осойишта мамлакатимизда ҳайит намозлари, муборак ҳаж зиёратини адо этишда катта қулайликлар яратиб берилаётганидан барча юртдошларимиз мамнун.
 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 2 августдаги “Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарорида мамлакатимизда Қурбон ҳайитини муносиб нишонлаш, байрамни тартибли ва юқори даражада, халқимизнинг миллий ва диний қадриятларига мос равишда ўтишини таъминлаш учун тегишли тадбирларни амалга ошириш юзасидан вазифалар белгиланган. Мазкур қарор ижросини таъминлаш учун Андижон вилоятида ҳам зарур барча ишлар амалга оширилмоқда.
 
Айни кунларда вилоятнинг ҳар бир маҳалласи, кўчасида тозалик, ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда, имконияти чекланган, бева-бечораларга хайру саховатлар кўрсатилаётир.
 
Вилоятдаги ҳайит намозлари ўқиладиган масжидларда байрамга пухта ҳозирлик кўрилмоқда. Муборак байрам кунида халқимиз, фуқароларимиз қалбига байрам шукуҳини сингдириш, зиммаларидаги диний амалларни адо этишлари учун яратиб берилаётган имкониятларни тушунтириш мақсадида диний идоралар, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, Ёшлар иттифоқи, Маънавият-тарғибот маркази, ички ишлар бўлимлари, жамоатчилик вакиллари ҳамкорлигида маҳаллаларда, масжидларда кенг кўламли тарғибот ишлари олиб борилмоқда
 
– Қурбон ҳайити намози вилоятдаги 171 та жомеъ масжид ҳамда “Сайид Муҳйиддин маҳдум” ўрта махсус ислом билим юртида ўқилади, – дейди Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Андижон вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Хайрулло Сулаймонов. – Ҳайит намозлари ўқиладиган масжидлар тахт ҳолатга келтирилиб, намозхонлар учун зарур шарт-шароит ва қулайликлар яратилди.
 
Ҳайит намози ўқиладиган масжидларда тозалик, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ички ишлар, ёнғин хавфсизлиги, санитария-эпидемиология назорат маркази ходимлари билан ҳамкорликда зарур чора-тадбирлар кўрилди. Бу борадаги аниқланган камчиликлар бартараф этилди.
 
Бундан ташқари, аҳолига байрамона ва кўтаринки кайфият улашиш мақсадида масжидларга киши руҳиятини кўтарувчи шиор ва паннолар ўрнатилди.
 

 

Фахриддин УБАЙДУЛЛАЕВ, ЎзA
Read 2149 times

Янгиликлар

Top