Ўзбекистон янгиликлари

Мамлакатимизда Қурбон ҳайити кенг нишонланмоқда

Мамлакатимизда Қурбон ҳайити кенг нишонланмоқда

 
Бу муборак кунларда ҳамжиҳатлик, дўстлик ва меҳр-оқибат ришталари мустаҳкамланади, Аллоҳ марҳамати ёғилиб, эзгу ниятлар амалга ошади.
 
Мустақиллигимизнинг 28 йиллик тантанаси арафасида нишонланаётган Қурбон ҳайити байрамини ҳамюртларимиз шукроналик билан кутиб олмоқда.
 
Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ улуғ айёмга мамлакатимиз миқёсида қизғин тайёргарлик кўрилди. Кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган оилалар, ногиронлар, ёлғиз кексаларнинг ҳолидан хабар олиш, уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш, зиёратгоҳлар, муқаддас қадамжолар ва қабристонларни обод қилиш каби савобли ишлар давом этмоқда.
 
Бағрикенглик, меҳмондўстлик, кечиримлилик ва сахийлик халқимизга хос хислат. Бу инсоний фазилатлар, айниқса, Қурбон ҳайити кунлари янада ёрқин намоён бўлади. Шу кунларда халқимиз мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли халқчил ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда бунёдкорлик кайфияти билан яшамоқда. Ободлик ва фаровонлик йўлида ҳамжиҳатдир.
 
Мамлакатимизда сўнгги йилларда миллий-диний қадриятларимизни тиклаш ва ривожлантириш, эътиқод эркинлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда, турли миллат ва элатлар ўртасида тотувлик, аҳиллик ва ҳамжиҳатлик муҳити тобора юксалиб бормоқда. Айниқса, халқимизнинг ислом маданияти ва цивилизациясига қўшган улкан ҳиссасини мамлакатимиз ва дунё жамоатчилигига етказиш, табаррук қадамжоларни обод қилиб, зиёратгоҳларга айлантириш, буюк аждодларимизнинг илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш ва тарғиб этиш борасида олиб борилаётган хайрли ишлар халқаро ҳамжамият томонидан қўллаб-қувватланмоқда.
 
Қурбон ҳайити арафасида бир гуруҳ юртдошларимиз Ҳаж сафарини адо этмоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан динимиз арконларини адо этиш учун улкан шарт-шароитлар яратиб берилаётганини ҳам эътироф этиш жоиз. Маълумотларга кўра, 2016 йилда 5 минг нафар зиёратчи Ҳаж сафарига борган бўлса, 2017 йилдан буён уларнинг сони 2 минг нафарга кўпайиб, умумий кўрсаткич 7 мингга етди. Бу йил эса 7 минг 200 юртдошимиз Ҳаж ибодатини адо этмоқда.
 
11 август, якшанба тонги ўзгача файзли... Минглаб юртдошларимиз Қурбон ҳайити байрамини муносиб нишонлашга шошилмоқда. Шу куни мамлакатимиздаги жомеъ масжидларида Қурбон ҳайити намози ўқилди.
 
a9da1973-5c50-43fb-aeb9-2e2a89994147.jpg
 
Пойтахтимиздаги Ҳазрати Имом жомеъ масжиди ҳам эрта тонгдан юртдошларимиз билан гавжум бўлди.
 
Қурбон ҳайити намози маърузасида Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар, эзгу амаллар мазмун-моҳияти, бугунги тинч ва обод кунларимиз қадри ҳақида сўз борди. Инсонларга меҳр кўрсатиш, уларнинг ўй-ташвишларини ўрганиб, яхшилик қилиш ғоят савобли тадбирлиги, шу маънода халқимиз саодатли турмуши йўлида амалга оширилаётган эзгу ишлар, уларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшаши йўлидаги саъй-ҳаракатлар ғоят қадрли экани айтилди.
 
Ҳаётимизга беқиёс маъно ва мазмун олиб кирган тинчлик дея аталмиш бебаҳо неъмат қадрига етиш, унинг шукрини қилиш, асраб-авайлаш барчамизнинг бурчимиз эканлиги таъкидланди. Зеро, бугунги кунда айрим мамлакатларнинг фуқаролари турли фитналар оқибатида хузур-ҳаловатини йўқотгани, юз минглаб инсонлар ҳаётдан кўз юмаётгани, киндик қони тўкилган ватанини тарк этишга мажбур бўлаётгани гувоҳи бўлмоқдамиз.
 
2a4c5591-73ac-4176-991e-b59dec0ee0fb.jpg
 
Ҳайит намозида юртдошларимиз шу кунларга етказганига шукрона айтиб, элимизга тинчлик-хотиржамлик, омонлик, қут-барака тилаб дуолар қилди.
 
– Тинч, тўкин ва фаровон элга байрамлар, тўйлар ярашади, яхши кунлар татийди. Халқимиз Қурбон ҳайитини эзгу амаллар ва кўтаринки руҳ билан кутиб олаётгани ҳам юртимизнинг тинчлиги, дастурхонимиз тўкинлигидандир, – деди “Новза” жомеъ масжиди имом-хатиби Жалолиддин Ҳамроқулов. – Нуроний отахон ва онахонлар дуога қўл очиб, бугунги саодатли кунларимизга, тинч, осойишта ва фаровон ҳаётимизга шукроналар айтиб, хонадонларга файз-барака тиламоқда. Юртдошларимиз ўз оиласи, маҳалласи, эл-юрти равнақи учун сидқидилдан хизмат қилаётир. Бу эса улуғ кунларнинг янада файзли ўтиши, зиёда бўлишига – халқимизнинг эзгу амаллари янада бардавом бўлишига умид ва ишонч бағишлайди.
 
Қурбон ҳайитини байрам сифатида нишонлаш замирида катта маъно бор. Ушбу байрам кунларида халқимиз бир-бирларига меҳр-мурувват кўрсатиб, қавму қариндошлар бир-бирлари билан хабарлашади. Етим-есирлар, бева-бечораларга хайру эҳсон қилишади. Бу байрам қариндошлик, қўни-қўшнилик, қуда-андалик ришталарини янада мустаҳкам боғлашга хизмат қилади. Шунинг учун ҳам муборак Қурбон ҳайитининг маънавий ҳаётимиздаги ўрни, аҳамияти беқиёсдир.
 
Шу нуқтаи-назардан Қурбон ҳайити намозидан сўнг ҳамюртларимиз яқинлари ҳолидан хабар олиш, бир-бирини қутлаш учун йўл олди. Қурбонлик қилинаётган хонадонларга борилди. Барчанинг қалбида бир тилак: Шу азиз Ватанимизга кўз тегмасин. Ҳурлигимиз ва тинчлигимиз, ҳамжиҳатлигимиз мангу бўлсин.
 

 

Нурилло НАСРИЕВ, Оқил ҒУЛОМОВ (Сурат) ЎзА мухбири
Read 1951 times

Янгиликлар

Top