Ўзбекистон янгиликлари

ТОШКЕНТДА ИЛК БОР ИККИ ҚАДИМИЙ ҚУРЪОН ҚЎЛЁЗМАЛАРИ НАМОЙИШ ЭТИЛАДИ

«Ўзбекистон – буюк йўллар ва тамаддунлар чорраҳаси: империялар, динлар, маданиятлар» маданий мерос ҳафталиги қатнашчилари 23 августда Ислом цвилизацияси марказига ташриф буюрадилар. Шу жумладан, Ўзбекистон Мусулмонлари идорасига ташриф давомида дунёдаги илк Қуръон қўлёзмалари – Усмон Мусҳафи ҳамда Катта Лангар Қуръони нусхаларини кўришга муваффақ бўладилар.

Усмон Мусҳафи ҳайвон терисига битилган бўлиб, муқаддас китобнинг илк қўлёзмаси саналади. Барча мусулмон олами вакиллари учун табаррук бўлган нодир қўлёзмани кўриш учун ҳар йили Тошкентга дунёнинг турли мамлакатларидан минглаб тақводорлар ҳамда сайёҳлар ташриф буюрмоқда.

Машҳур Катта Лангар Қуръони ҳам Ислом дини ва барча мусулмонлар учун катта оламшумул аҳамиятга эга. Бу қадимий китоб бутун инсониятнинг мероси ҳисобланувчи маданий ва тарихий бойликлар қаторига киритилган.

Экспертларнинг фикрича, Катта Лангар Қуръони қўлёзмасининг умумий ҳажми 206 саҳифа бўлиб, бугунги кунгача ундан деярли ярми – 97 та саҳифаси сақланиб қолган. Қуръон саҳифаларининг 81 варағи Россияга бориб қолган ва ҳозирда Россия фанлар академиясининг Қўлёзмалар институтида сақланмоқда. Сўнгги маълуотларга кўра қўлёзманинг 16 варағи Ўзбекистонда сақланмоқда. Айни вақтда бу нодир қўлёзманинг қолган саҳифалари тақдири номаълумлигича қолмоқда.

 

Шу муносабат билан ЎЭОАВМА «Sevimli TV» телеканали ҳамда ВВС ўзбек хизмати билан ҳамкорликда Катта Лангар Қуръонининг йўқолган саҳифаларини излаб топишга қаратилган лойиҳани амалга оширмоқда. Бу борада Катта Лангар Қуръони мавзусида давомли ҳужжатли фильмлар сериали ҳам тасвирга олинди. Унинг тасвирга олиш ишлари Тошкент, Бухоро, Самарқанд, Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманидаги Катта Лангар қишлоғида ҳамда Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида олиб борилди. Фильм лавҳалари Қуръон саҳифаларининг асосий қисми қандай қилиб Санкт-Петербургга бориб қолгани билан боғлиқ тарихий ҳақиқатларни очиб беради. Шу жумладан, бу ҳужжатли фильмда Араблар қишлоғида яшовчи оқсоқоллар ва маҳаллий аҳоли хотиралари, Катта Лангар Қуръони билан боғлиқ ривоятлар ҳикоя қилинади.

Лойиҳа доирасида 30 та 15 дақиқалик фильм тасвирга олинган. Бу фильм жорий йил Рамазон ойида «Sevimli» телеканалида ва “Би-Би-Си” ўзбек хизмати веб-сайтларида томошабинлар эътиборига ҳавола қилинди. Айнан шу фильмнинг умумлаштирилган талқини маданий мерос ҳафталиги иштирокчиларига ҳам намойиш этилади.

 

Маданий мерос ҳафталигининг яна бир ёрқин лаҳзаси

Жорий йилнинг 26 август куни Самарқанд шаҳрида ЮНЕСКО ҳомийлигида “Моддий ва номоддий маданий меросни асраш: долзарб муаммолар ва уларни ҳал этиш стратегияси” деб номланган xалқаро конференция арафасида бўлиб ўтадиган “Ўзбекистон – буюк йўллар ва цивилизациялар чорраҳасида: империялар, динлар, маданиятлар” деб номланган маданий мерос ҳафталигининг аҳамиятли ва ёрқин тадбирларидан бири – иштирокчиларнинг Тошкентда барпо этилаётган Ислом цивилизацияси марказига ташрифи ҳисобланади.

Маданий мерос ҳафталигининг 40 дан зиёд давлатдан келган иштирокчилар, шу жумладан дунёга машҳур олимларнинг ҳали қурилиши давом этаётган объектга ташрифи уюштирилиши бежиз эмас.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 23 июн “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-3080-сон қарори талабидан келиб чиқиб пойтахтимизда қурилаётган мазкур марказ улуғ аждодларимиз томонидан яратилган ва бугунги кунда бутун маърифат дунёсини ҳайратга солиб келаётган илмий мерос, у фақат бир миллат ёки халқники эмас, балки бутун инсониятнинг маънавий мулки ҳисобланади. Бу бебаҳо бойлик янги авлодлар учун донишмандлик ва илм манбаи, энг муҳими, янги кашфиётлар учун мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилиши шубҳасиздир.

Ажойиб марказ кейинчалик янгиланаётган Ўзбекистоннинг юзи, обрўси сифатида омамалашади. Шу сабабли уни қуриш жараёнида фойдаланиладиган қурилиш материалларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Марказ қурилиш одатий андоза ва лойиҳалардан воз кечган ҳолда, янги шакллар ва янги дизайн асосида олиб борилмоқда.

Ислом цивилизацияси маркази ўз моҳиятига кўра Марказий Осиёда ягона ҳисобланади. Марказининг янги биноси ва илмий мажмуанинг қурилиши Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига биноан 2017 йил декабр ойида бошланган.

Марказ олдига қўйилган вазифалардан келиб чиқиб, унинг таркибида академия, Ислом санъати музейи, мамлакатимизда ва хорижда сақланаётган қадимги ноёб қўлёзмалар, литографик китоблар, буюк алломалар ва дин арбоблари қолдирган тарихий ҳужжатлар, шунингдек, ушбу йўналишдаги замонавий илмий тадқиқотлар билан бойитиладиган фонд бўлиши назарда тутилган.

 

 

ЎЭОАВМА (Ўзбекистон Электрон Оммавий Ахборот Воситалари Миллий Ассоциацияси) матбуот хизмати

Read 1922 times

Янгиликлар

Top