Ўзбекистон янгиликлари

Ҳашар – ободлик белгиси

Халқимизнинг минг йилликларга бориб тақалувчи қадимий қадриятларидан бири бу ҳашардир. Аждодларимиз бу анъанани доимо улуғлаганлар. Зеро, динимиз аввало инсониятни покликка, озодаликка чорлайди. Ҳар қандай ибодатлар, савобли амаллар поклик ила бошланади. Муборак Ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Поклик имондандир”, дея марҳамат қилганлар.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 10 августдаги фармойишига биноан жорий йилнинг август ойи мамлакатимизда ободонлаштириш ва тозалик ойлиги ҳамда 17-18 август умумхалқ хайрия ҳашари кунлари, деб эълон қилинди.

 

Бугун эрта тонгдан диёримиздаги барча масжидлар, зиёратгоҳлар ва уларга туташ қабристонларда ҳам оммавий ҳашар бошлаб юборилди. Масжид жамоаси, маҳалла фаоллари уюшқоқлигида, ички ва ташқи ҳудудлар, экинлар, ариқлар тозаланди. Қабристонлар, қаровсиз қолган жойлар ободонлаштирилиб, тартибга келтирилмоқда.

Айни шу дамларда ҳашар тадбирларининг бирдамлик, аҳиллик эзгулик  ва поклик рамзи эканлиги яна бир намоён бўлмоқда. Бир сафга жам бўлиб ибодат қилувчи мўмин-мусулмонлар бугун худди шундай бирдамликда масжидларини покламоқдалар. Кўпнинг кўмаги билан йиғилиб қолган баъзи юмушлар осон ҳал бўлмоқда. Кўпдан бери режалаштирилган ишлар амалга ошмоқда.

Ҳашарда айниқса оталари, боболарига эргашиб келган ёшларнинг қизиқишлари, кўпчиликка қўшилиб меҳнатга киришишлари ўзгача. Уларнинг баъзилари бу каби тадбирларда илк бор иштирок этаётган бўлишса ажаб эмас. Бундай пайтларда поклик ва ободликка йўғрилган эзгу қадриятларимиз ёш авлод хотирасига муҳирланади. Меҳр-оқибат, биродарлик намунасини айнан ҳашарда кўришади. Демак, ҳашар улар учун жонли ибрат ва тарбиянинг ўзгинаси.

Ҳашар тадбирлари давом этмоқда. Кўнгиллар ва масканлар поклигига сабаб бўлгувчи хайрли ишларда фаол бўлайлик, азиз юртдошлар!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими

 

Read 2256 times
Tagged under

Янгиликлар

Top