Ўзбекистон янгиликлари

Буюк муҳаддис номидаги масжид янгидан қурилади

         Самарқанд вилоятида бугунги кунда 285 та масжид фаолият юритмоқда. Тойлоқ туманидаги буюк ватандошимиз, ислом оламидаги улуғ муҳадислардан бири Имом Доримий роҳматуллоҳи алайҳнинг номлари берилган “Абдурраҳмон ад-Доримий” жоме масжиди 1996 йилда очилган бўлиб, шу давргача масжид биноси таъмирланмади. Масжид биносининг торлиги ҳамда жамоатнинг бирмунча ортганлиги эътиборидан масжидни қайта қуриш режалаштирилмоқда. Замонавий шаҳарсозлик меъёрлари ва қоидаларига мувофиқ келадиган янги бинони қуриш учун лойиҳа тайёрланди. Лойиҳада масжид биноси аввалгисидан кенгроқ бўлиб, 600 кишига мўлжалланган, намозхонлар учун қулай бўлишига алоҳида эътибор қаратилган. Шунингдек, янги таҳоратхона, хизмат хоналари бунёд этилади.

         Шу муносабат билан, жорий йилнинг 17 август куни “Абдурраҳмон ад-Доримий” жоме масжидининг янги биносини қуриш учун илк ишлар амалга оширилди. Ушбу тадбирда Тойлоқ туман ҳокими Б.Бобоназаров, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилоят вакили ўринбосари Х.Саттаров, Тойлоқ тумани бош имом-хатиби Б.Исмоилов, нуроний кексалар, маҳалла фаоллари иштирок этишди. Йиғилганлар хайрли дуо, эзгу ниятлар билан табаррукона бино пойдеворига режа тортдилар. Аллоҳ таолодан қурилиш мутасаддилари ҳамда ҳашарчиларга куч-қувват тилаб, савобли амалларда ғайрат билан ишлашларини насиб этишини сўраб дуо қилдилар.

 

 

ЎМИ Масжидлар бўлими

 

Read 1960 times

Янгиликлар

Top