Ўзбекистон янгиликлари

«Ўзбекистон зиёрат учун шароит яратилган мусулмон давлатлар ўртасида 29-ўриндан 18-ўринга кўтарилган»

Ўзбекистонда зиёрат туризмини ривожлантириш учун авваламбор ҳожатхоналар ва у ердаги таҳоратхоналар масаласини ҳал қилиш лозим. Бу ҳақида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вазифасини вақтинча бажарувчи Абдулазиз Оққулов Сенатнинг 21-ялпи мажлисига берган ҳисоботида тўхталиб ўтди.

«Зиёрат мақсадида келадиган сайёҳлар учун туристик жойларда таҳорат олиш учун тўлиқ шароитлар бўлиши муҳим аҳамият касб этади. Аэропорт ва вокзалларда бу масала ҳал этилган. Йўл ёқасидаги намунавий лойиҳаларни қилганда ҳам таҳорат учун шароитлар қилиниши назорат остига олинмоқда. Шунингдек, зиёратга келган сайёҳларга хизмат кўрсатувчи ходимларни тайёрлаш масаласи ҳам бор. Сингапур агентлиги томонидан мутахассисларни жалб қилган ҳолда июль-август ойларида меҳмонхона ходимлари шу йўналишда тайёрланди», дейди Абдулазиз Оққулов.

Оққуловнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон зиёрат учун шароит яратилган мусулмон давлатлар ўртасида 29-ўриндан 18-ўринга кўтарилган.

«Зиёрат туризмини ривожлантириш учун муҳим рол ўйнайдиган таҳоратхоналар масаласини ҳал этиш фақатгина Туризмни ривожлантириш қўмитасига боғлиқ эмас. Бу борада маҳаллий ҳокимликлар ҳам ўз масъулиятини ошириши лозим», дея таъкидлаган Сенат раиси Танзила Норбоева.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2370 times
Tagged under

Янгиликлар

Top