Ўзбекистон янгиликлари

Бекобод туманидаги марказий масжид катта йўл ёқасига кўчирилмоқда

Тошкент вилояти мамлакатимизнинг ўзига хос табиатга, кенг имкониятига эга ҳудудларидан бири бўлиб, пойтахтдан бошқа вилоятларга чиқиш йўлида, инчунун, зиёрат туризми даҳасининг бошланғич нуқтасида жойлашганлиги билан алоҳида аҳамиятга эга. Шу боис вилоятдан ўтувчи йўловчилар, зиёратчиларга ҳар тарафлама қулайлик яратиш, намозхонлар учун юқори даражада шарт-шароитларни таъминлаш мақсадида мазкур вилоятда 28 та масжид янгидан замонавий лойиҳалар асосида қурилмоқда.

Бекобод тумани Зафар шаҳарчаси бўйида жойлашган “Далварзин” жоме масжиди шу пайтгача кўримсиз бир жойда – йўл бўйидан ичкарироқдаги бурчакда жойлашган эди.

“Бекобод тумани ҳокимининг қарори билан масжиимиз учун қўшимча 35 сотих ер майдони ажратилиб, катта йўл бўйида янгидан қурилмоқда. Натижада 50 сотих майдонда маҳаллий аҳоли ва йўловчилар учун барча қулайликларга эга бўлган кўркам ибодат ва маърифат уйи қад кўтаради иншааллоҳ,” дейди масжид имом-хатиби Анваржон Риҳсибоев.

Ҳозирда қурилиш ишлари қизғин бошлаб юборилган. Куни кеча 3 сентябр куни Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайруллоҳ домла Турматов бошчилигида имомлар, кекса нуронийлар, масжид фаоллари, маҳаллий аҳоли эзгу ният, дуои хайрлар билан масжиднинг биринчи ғиштини қўйишди.

Лойиҳага кўра сиғими 700-750 кишига мўлжалланган асосоий хонақоҳ, 27 метрлик минора, кутубхона, таҳоратхона, хизмат хоналари, аёллар учун таҳоратхона ва намозхона ҳамда кенг автотураргоҳ масжиднинг умумий тузулишини ташкил этади.

Масжидларни таъмирлаб, барпо этишдек савоби улуғ, садақаи жория булгувчи хайрли ишларда ташаббус кўрсатаётган, ҳиссалари қўшилаётган барча ҳашарчилар, кўнгилли хизматчилар, мутасаддилар ҳақларига холис дуолар қилинди. Масжид тез орада қад кўтариб, келажак авлод учун кўп йиллар ҳидоят маёғи бўлиб хизмат қилишини ниятлар қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими

Read 2673 times
Tagged under

Янгиликлар

Top