Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари: Диний таълим соҳасида тарихий янгилик

5 сентябрь куни Тошкент ислом институтида модуль таълим тизимида янги 2019-2020 ўқув йили бошланиши муносабати билан тадбир бўлиб ўтди. Тадбир Қуръони карим тиловати билан бошланди ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари томонидан янги ўқув шаклини муваффақиятли ўтишини сўраб дуолар қилинди.
Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуров сўзга чиқиб, Тошкент ислом институтида жорий этилган Модуль таълим шакли тўғрисида маълумот бериб, янги ўқув шаклига омад ва зафарлаб тилаш учун сўзни муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларига берди.
Муфтий ҳазратлари барчани янги ўқув йили билан қутлаб, шундай дедилар:
– Аллоҳ таборака ва таолога беадад шукроналар бўлсинки, юртимизга жуда ҳам улуғ неъматларини бермоқда. Муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимизда барча соҳалар қатори диний таълим соҳасида ҳам жуда катта янгиланишлар бўлди. Кейинги йилларда диний таълим муассасаларига кенг имкониятлар берилди, катта ютуқларга эришилди. Диний таълим тизимида Модуль тизими жорий этилиши тарихий воқеа бўлди. Бунинг афзалликлари жуда ҳам кўп, айниқса, масжидларда меҳнат қилаётган ўрта махсус маълумотга эга бўлган иқтидорли имом-домлаларни имтихонсиз ўқишга қабул қилиниши, йилда уч сместр давомида икки ойдан таълим берилиши ва уч йилда олий диний маълумотни қўлга киритилишини алоҳида таъкидлаш керак. Шунингдек, ушбу таълим тизимига қабул қилинган талабалар учун алоҳида бино ажратилди ҳамда синф хоналари, ўқув предметлари, замонавий педагогик ускуналар билан жиҳозланди ҳамда уч маҳал бепул иссиқ овқат ва ётоқ жойлари билан таъминланди.
Сизлар мана шундай яратиб берилган шароитлардан унумли фойдаланиш билан бирга, ўз устларингизда янада самарали меҳнат қилиб, халқимизга муносиб фидокор, юртимизга, динимизга сидқидилдан хизмат қиладиган етук инсонлардан бўлишингизни Аллоҳ таолодан сўраб дуо қиламиз, - дедилар.
Маросимда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг маслаҳатчиси Абдуҳаким қори Матқулов, Тошкент шаҳри бош имом-хатиби Нуриддин домла Холиқназаров ва ўқишга қабул қилинган имом-домлалар сўзга чиқишди.
Маълумот ўрнида, мазкур таълим тизимига 2019-2020 ўқув йили бўйича вилоятлар кесимида 120 нафар ўрта махсус маълумотли имом-хатиблар Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоят вакилликлари тавсиясига асосан ўқишга қабул қилинди.
Модуль таълим тизими талабаларига қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида, “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги собиқ “Олтин тепа” масжиди биноси ўқув хоналари, талабалар турар жойи ва ошхона учун мослаштирилиб, барча зарур жиҳозлар билан таъминланди.
Аллоҳ таолодан барча илм толибларига манфаатли илм ато этишини сўраймиз.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 3033 times

Янгиликлар

Top