Ўзбекистон янгиликлари

Ҳадис илми мактабининг янги ўқув йилининг очилиш тадбири бўлиб ўтди

Айтиш жоизки, сўнгги йилларда мамлакатимизда Мустақиллик байрами тантаналарини муайян бир ғоя, эзгу ҳаракат остида нишонлаш анъанаси халқимиз ҳаётининг маънавий юксалишида ўзига хос замин бўлиб хизмат қилмоқда.

Албатта бундайин эзгу ғоялар мамлакат аҳолисининг истиқлол йилларидаги ҳаёти, турмуш тарзи, эришган ютуқлари ва эришажак мақсадларини сарҳисоб қилишга ундайди.

2019 йил 5 сентябрь куни Ҳадис илми мактабида мамлакатимиз мустақиллигининг 28 йиллиги ва 2019-2020 ўқув йилининг бошланиши муносабати билан “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” шиори остида маънавий-маърифий тадбир ҳамда Мустақиллик дарси бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази директори Ш.Минавваров, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси масъул ходими, М.Жалилов, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети Илмий ишлар бўйича проректори З.Абдирашидов, Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Д.Мамадқулов, Дин ишлари бўйича қўмита бўлим бошлиғи Б.Рустамов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи С.Шерхонов, “Нуронийлар” жамғармаси Самарқанд вилояти бўлими раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони Ҳ.Нормурадов, Самарқанд Давлат университети ректори тех.ф.д., проф. Р.Холмуродов шунингдек, Самарқанд вилоятидаги зиёлилар иштирок этишди.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси мадҳияси билан бошланди. Анъанага кўра тадбир аввалида Ҳадис илми мактаби 1-курс талабаси Парпиев Саидмаҳмудхон Қуръон тиловат қилиб берди. Қуръон тиловатидан сўнг ушбу олий даргоҳни очилишига жонбозлик кўрсатган раҳбарлар, мактаб ўқитувчи ва талабаларининг ҳақларида ҳамда янги ўқув йилининг баракали бўлишини сўраб дуои хайрлар қилинди.

Ҳадис илми мактаби ректори О.Юсупов тадбирни очиб бериш учун нутқ сўзлаб жумладан, мазкур ўқув йили кириш имтиҳонлари жараёнлари, мактаб мутахассислик ўқув режасини такомиллаштириш юзасидан дунёдаги нуфузли ислом таълим муассасалари ва марказлари тақдим қилган хулосалари, Мактаб Ахборот-ресурс марказини мутахассисликка оид адабиётлар билан бойитиш бўйича амалга оширилган ишлаб тўғрисида қайд этди.

Шундан сўнг, Мустақиллигимизнинг 28 йиллиги ҳамда янги ўқув йилининг очилиши муносабати билан табрик учун Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази директори Ш.Минавваров, Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Д.Мамадқулов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи С.Шерхонов, “Нуронийлар” жамғармаси Самарқанд вилояти бўлими раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони Ҳ.Нормурадов, Самарқанд Давлат университети ректори тех.ф.д., проф. Р.Холмуродов бошланаётган янги ўқув йилида институт жамоасига омад ва зафарлар тилаб, диний соҳа вакилларига ҳамда диний ташкилотларга, қолаверса ёшларга берилаётган имкониятлардан тўлалигича фойдаланиш ва маърифий исломни дунёга кўрсата олиш, соф исломдан оғишмасликда ва адашганларни тўғри йўлга бошлашда қатъият билан илм олиш кераклигини, илм олишда ҳаракатчан бўлишни, талабалар аввало кучли билимга эга бўлиши, бу ердаги устозлардан илм олишда ва одоб-ахлоқ сабоқларини ўрганишда тиришқоқ бўлишини таъкидладилар, шунингдек, соф исломни нафақат юртимизда балки, дунё оммасига етказа оладиган салоҳиятга эга бўлиш кераклигини қолаверса, аждодларимизга муносиб авлод бўлиш лозимлиги бўйича ўз тавсияларини бердилар.

Шунингдек, фазилатли шайх, замонамизнинг муҳаддис олими Истамбулдаги Ибн Халдун университети катта устози Муҳаммад Аввома ҳазратларининг ва Татаристон республикасидаги Булғор ислом академияси ректори Абдрахманов Данияр Мавлияровичнинг видео табрик мурожаатлари тадбир иштирокчиларига эшиттирилди.

Тадбирда Олий даргоҳнинг талабаси деган улуғ номга мушарраф бўлган талабалардан бири Иброҳимов Исмоил сўзга чиқиб, Ҳадис илми мактабининг ўқув хоналари, спорт зали, ёпиқ сув ҳавзаси, ётоқхона ва ошхонасида талабаларга яратилган шароитлар ва қулайликлар учун хусусан, Юртбошимизга ва мактаб маъмуриятига миннатдорлик билдирди.

Таъкидлаш жоизки, Ҳадис илми мактаби Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги ПФ- 5416-сон Фармонига асосан ислом дини ва ҳадис илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг бой меросини чуқур ўрганиш, улар томонидан асос солган ҳадис мактаблари фаолиятини қайта тиклаш ва ривожлантириш, улар қолдирган бой илмий меросни ўрганиш, тадқиқ қилиш орқали халқимиз ва кенг жамоатчиликка етказиш ва тарғиб қилиш, хусусан ҳадис ва унга доир илмларни чуқур ўзлаштирган етук мутахассисларни тайёрлаш мақсадида ташкил этилган эди.

Ҳадис илми мактабида ўқиш муддати 5 йил бўлиб, “Ҳадис илмлари, диний фанлар мутахассиси ва араб тилини ўқитувчиси” мутахассислиги бўйича олий маълумотли кадрлар тайёрлайди.

Мактабда матахассислик фанларини ўқитиш устоз-шогирт анъанаси асосида республикамиз ҳамда хорижий малакали педагог ўқитувчилар томонидан амалга оширилади. 

Ҳадис илми мактаби биноси Самарқанд вилоятидаги Имом Бухорий мажмуаси ёни барпо этилган бўлиб, олий даргоҳда умумтаълим, хорижий ва мутахассислик фанларини чуқур ўрганиш учун барча шароитлар яратилган. Хусусан, ислом илми ривожида ўз ўрнига эга буюк аждодларимизга муносиб бўлиши учун Мактабда талабалар учун замонавий техникалар билан жиҳозланган ўқув аудиториялари, Ахборот-ресурс маркази, ёпиқ спорт зал ва сув ҳавзаси, талабалар турир жойи ва шинам ошхона мавжуд.

Read 2796 times

Янгиликлар

Top