Жорий йилнинг 4 сентябрь куни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита томонидан “Ҳаж-2019” мавсуми якунларига бағишланган брифинг ташкил этилди.
Бу йил қарийб етти минг нафар киши ҳаж сафарида бўлиб, ислом динининг бешинчи арконини адо этиб қайтдилар. Уларга ишчи гуруҳининг 200 дан зиёд аъзолари ҳамроҳлик қилиб, муқаддас ибодат рукнларини тўла-тўкис бажаришлари учун яқиндан кўмак бердилар.
— Бу йилги ҳаж мавсуми Президентимизнинг тавсиялари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари асосида юқори савияда ташкил этилди, — дейди Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Комилов. — Аввало, улуғ зиёратга борувчилар адолат мезони асосида сараланди. Бунда номзодларнинг ислом дини арконларини билиши, маънавияти, маърифати ва одоб-ахлоқи билан бирга, маҳаллада обрў-эътиборга эга бўлиши, жамоатчилик ишларида фаоллигига алоҳида эътибор қаратилди. Улар билан суҳбатлар ўтказилиб, жамоатчилик фикри ўрганилди. Натижада республика бўйича 6970 нафар фуқаро ҳаж сафарига бориш учун тавсия қилинди.
Қувонарлиси, зиёратга отланган юртдошларимиз томонидан жами 14326 нафар ижтимоий кўмакка муҳтож, кам таъминланган ҳамда боқувчисини йўқотган фуқаролар оталиққа олиниб, муборак сафар олдидан 9,3 млрд. сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди.
Анжуманда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ҳар бир зиёратчидан олинадиган маблағ ўтган йилдагига нисбатан 5 миллион сўмга арзонлаштирилгани, Мадина ва Макка шаҳарларида зиёратгоҳларга яқин, энг муҳими, юқори даражада сервис хизматлари кўрсатиладиган меҳмонхоналардан фойдаланилгани, пировардида Ўзбекистон ҳожиларга яратилган шарт-шароитлар бўйича биринчи бешталик давлатлар қаторидан жой олгани эътироф этилди.
Таъкидлаш керакки, бу йилги зиёратчиларимизнинг аксариятини ёши улуғлар ташкил этган бўлса-да, шифокор ва ошпазлар, ишчи гуруҳи томонидан ташкил этилган режали ва тартибли тадбирлар ҳамда олиб борилган маънавий-маърифий, диний, ҳуқуқий ва тиббий мавзулардаги суҳбатлар натижасида мавсум ижобий натижа билан якунланди. Ўз навбатида, юртимиз ҳожилари давлатимиз томонидан зиёратчиларга қаратилаётган юксак эътибор, яратиб берилган қулай шарт-шароитлар, кўрсатилган хизматлар учун шукроналик билдириб, Президентимиз ва юртимиз ҳаққига дуолар қилгани айтиб ўтилди.
Брифингда жорий йил умра мавсуми 20 сентябрдан бошланиши, 1 октябрдан эътиборан эса кунига 2 та махсус авиарейс йўлга қўйилиши маълум қилинди.
Дин ишлари бўйича қўмита
Матбуот хизмати