Ўзбекистон янгиликлари

Ўқувчи ёшлар билан ҳаётнинг бебаҳо неъмат эканлиги ҳақида сўҳбат бўлиб ўтди

Ҳаётнинг ўзига хос паст-баланд, эгри, мураккаб йўллари ҳам бор, яъни инсон ҳаёти давомида турли қийинчилик, машаққат ва синовларга дуч келиши мумкин. Баъзан имон-эътиқоди суст юртдошларимиз бундай  мусибатлардан қутулишнинг йўли деб, ўз ширин жонларига қасд қилиб қўядилар. Таъкидлаш керакки, бундай мудҳиш ишга қўл уриш мусибатдан қутулишнинг нафақат нотўғри йўли, балки ўзини унданда каттароқ мусибатга мубтало қилиш демакдир.

Пастдарғом туманидаги “Бешнайман” жоме масжиди имом хатиби Аъзамхон Расулов тумандаги 72-мактабда бўлиб, ўқувчи ёшлар билан ана шу салбий иллат ҳақида суҳбатлашди. Имом-хатиб ўқувчи ёшларга муқаддас динимиз таълимотида инсоннинг ўз жонига қасд қилиши қаттиқ қораланиши ҳақида гапириб, ўз жонига қасд қилиш Аллоҳнинг берган неъматларига, чунончи берилган умрга, ҳаётга ношукурлик ҳамда Яратганнинг белгилаб қўйган тақдирига исён эканлиги, шу билан бир қаторда бу ишга қўл урган одам қариндош-уруғларини, ота-онасини оғир кулфатга солиб қўиши, болаларининг етим бўлиб қолиши, оиланинг пароканда бўлиб кетишига сабабчи бўлиб қолиши, қилган гуноҳларига тавба қилиш имконидан ва жаннатдан абадий маҳрум бўлиб қолишини айтди. Бу ҳақдаги муқаддас манбаларимиздан мисоллар келтирган А.Расулов Жундуб ибн Суфён розияллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган ушбу ҳадисларини эслаб ўтди: “Сизлардан олдинги умматдан бўлган бир кишининг баданига тошма тошган эди. Тошма унга озор беравергач камон ўқини қинидан олиб, ярани тирнай бошлади. Ундан чиққан қон тўхтамай оқибатда у киши ўлди. Шунда Аллоҳ таоло: “Бандам шошиб ўзини ўлдирди. Шунинг учун жаннатни унга ҳаром қилдим”, деди (Имом Бухроий ривояти).

Ҳар қандай қийинчиликни инсон деган номга муносиб сабр-тоқат ва ақл билан ҳал қилса бўлади. Аммо сабрсизлик, ношукурликнинг оқибати яхши бўлмайди.

ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги

Read 1898 times

Янгиликлар

Top