Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазрат Пайғамбар алайҳиссаломга ғойибона ошиқ бўлган авлиё зиёратгоҳига ташриф буюрдилар

16 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Наманган вилоятига сафарлари давомида Чортоқ туманидаги “Султон Увайс Қараний” мажмуасига ташриф буюрдилар. Аввал азиз авлиёлар руҳига бағишлаб, Қуръони карим оятлари тиловат қилинди ва муфтий ҳазратлари томонидан дуолар йўлланди.
Давлатимиз раҳбари 2017 йил 7 июль куни Наманган вилоятига ташрифлари чоғида Султон Увайс Қараний зиёратгоҳини қадимий усулда таъмирлаш, кенг ва обод зиёратгоҳга айлантириш, зиёратчилар учун зарур шароитлар яратиш, масканда кутубхона ташкил этиш бўйича тавсиялар берган эдилар.
Ўтган давр мобайнида зиёратгоҳда кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб, унинг таркибидаги масжид, мақбара, музей таъмирланди, атроф ободонлаштирилди. Зиёратчилар учун қулай шарт-шароитлар яратилди. Бугун муборак қадамжони зиёрат қилиш истагида нафақат юртимиз шаҳару қишлоқларидан, балки хорижий давлатлардан ҳам кўплаб сайёҳлар ташриф буюрмоқда.
Муфтий ҳазратлари мақбарани зиёрат қила туриб, уни обод ва кўркам ҳолатда сақлаш ҳамда бу масканнинг ёш авлодни юксак маънавиятли инсонлар этиб тарбиялашдаги ўрнини янада ошириш бўйича тавсиялар бердилар. Шунингдек, муфтий ҳазратлари мажмуадаги масжид фаолияти билан ҳам танишиб, жомега йиғилган қавм билан мулоқот қилдилар.
Маълумот ўрнида, Султон Увайс Қараний Ислом оламида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ғойибона ошиқ бўлганларнинг сардори сифатида машҳур бўлган.
Султон Увайс Қараний зиёратгоҳи ҳар йили минглаб ички ва хорижий сайёҳлар ташриф буюради. Юртимизда сайёҳлик ва халқ ҳунармандчилигининг ривожланиши натижасида сайёҳлар оқими сезиларли даражада ошгани кузатилмоқда. Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан янада ободонлаштирилган зиёратгоҳ, шубҳасиз, ўлкамизнинг энг хушманзара, обод ва кўнгилочар сайёҳлик мавзеларидан бирига айланди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1681 times

Янгиликлар

Top