Ўзбекистон янгиликлари

Оксфорд олимлари Ал-Бухорий, Ат-Термизий ишларини каталоглаштириш ва нашр этишда кўмак кўрсатишади

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев жорий йил 23 сентябрь куни Британиянинг Оксфорд шаҳрида бўлиб ўтган Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази (ОИТМ) Халқаро академик консультатив қўмитасининг 11 мажлисида иштирок этди.

Олий Мажлис Сенатининг Ахборот хизмати билдиришича, мазкур тадбирда ОИТМнинг ўтиб бораётган йилдаги фаолияти якунлари, илмий тадқиқотларнинг устувор йўналишлари ва халқаро академик ҳамкорликни ривожлантириш режалари муҳокама этилди.

Иштирокчилар томонидан Ислом тарихининг фанлароаро тадқиқотлар ва ислом оламидаги замонавий қарашларини ривожлантириш зарурлиги таъкидлаб ўтилди. Қайд этилишича, тадқиқотлар Ислом маърифати позицияси мустаҳкамланиши, цивилизациялараро мулоқотнинг чуқурлашиши ва мусулмон жамиятларининг модернизация қилинишига таъсир этади.

Шу мазмунда улар жаҳон цивилизацияси ривожига бебаҳо ҳисса кўшган буюк исломшунос алломаларнинг меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш, халқаро жамоатчиликка тинчлик, бағрикенглик ва маънавиятга чорловчи динимизнинг соф инсонпарварлик мақсадини, шунингдек Ўзбекистон раҳбариятининг сиёсатини юксак баҳоладилар.

Ислом тадқиқотлари Оксфорд маркази директори Фархан Низомий ва бошқа иштирокчилар Ўзбекистоннинг Ал-Бухорий, Ат-Термизий, Беруний, Ибн Сино ва бошқа буюк ислом олами намоёндаларининг ишларини каталоглаштириш ҳамда нашр этиш, уларнинг тадқиқотларига бағишланган халқаро анжуманлар ва симпозиумлар ўтказишдаги сайъ-ҳаракатларига кўмак беришга тайёрлигини билдирди.

Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, 1985 йилда ташкил топган ОИТМ Исломга йўналтирилган санъат, гуманитар ва ижтимоий фанлар соҳасидаги тадқиқот ишларини қўллаб-қувватловчи дунёдаги нуфузли илмий марказлардан бири саналади. Марказ раҳнамоси Британия тахти вориси Чарлз Уэльский ҳисобланади.

Олим аждодларимиз хотирасига ҳурмат белгиси сифатида ОИТМда имом ал-Бухорий ва имом ат-Термизий номли стипендиялар таъсис этилди. Бу Ўзбекистоннинг ва бошқа мамлакатларнинг экспертларига грант маблағлар ҳисобига марказ негизида тадқиқотлар олиб бориш имконини беради. Марказ мажмуасидаги иккита зал Самарқанд ва Бухоро деб номланади.

ОИТМ Халқаро академик маслаҳат қўмитаси таркибига Буюк Британия, АҚШ, Франция, Саудия Арабистони, Қатар, Малайзия, Ҳиндистон, Покистон ва бошқа мамлакатларнинг 20 нафар эътиборли исломшунос олимлари ва давлат арбоблари киради. 2019 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Маслаҳат қўмитасининг доимий аъзоси ҳисобланади.

Шунингдек, Ўзбекистон делегацияси аъзолари Бодлиан кутубхонасини бориб кўрди. Бу ерда чиғатой (эски ўзбек) тилида ёзилган бебаҳо қўлёзмалар сақланади. Делегация аъзолари Алишер Навоий “Ҳамса” достонининг асл нусхасини кўздан кечирди. Кутубхона вакиллари билан Мовароуннаҳр олимлари қўлёзмаларини каталоглаштириш ва факсимил нусхаларини яратиш масаласи муҳокама этилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2318 times

Янгиликлар

Top