Ўзбекистон янгиликлари

Андижоннинг энг катта масжидида қурилиш ишлари қандай давом этяпти?

Андижон шаҳридаги марказий масжидлардан бири ҳисобланган «Девонабой» жоме масжиди XIX асрнинг 70-80-йилларида Қорасувлик мулкдор Девонабой исмли шахс томонидан ўша даврдаги таниқли меъмор уста Исохон лойиҳаси асосида бунёд этилган.

Собиқ иттифоқ даврида масжид маълум муддат ёпилиб, сўнгра яна очилган.

Мустакиллик йилларининг бошида масжид қайта таъмирланиб, янгидан фаолият юритган.

2005-2011- йиллар мобайнида масжиднинг жанубий қанотига шарқона миллий меъморчилик  анъаналари асосида қадимий кошинкорлик, ёғоч ўймакорлик санъатлари уйғунлигидаги муҳташам обида-минора бунёд этилади.

2018 йилда Андижон шахар ҳокимлигининг қарорига асосан масжидда қайта қуриш ва реконструкция ишлари бошланди. Яқин атрофдаги фуқаролар розилиги билан турар-жой биноларини кўчириш ҳисобига ер майдони  14500.00 кв.метрга кенгайди. Ҳозирда бу жойда ертўла билан қўшилганда уч қаватлик, 15 000 сиғимга мўлжалланган йирик жоме барпо этилмоқда.

Айни пайтда қурилиш ишларининг 70% қисми амалга оширилди. Ички ва ташқи безак ишлари маҳаллий ва Хоразм мактаби усталари ёрдамида миллий меъморчилик, нақш безаклари анъаналари асосида олиб борилмоқда.  Cовутиш ва иситиш тизими ўрнатилиши режалаштирилган. Бино 2020-йилнинг 2-чорагида фойдаланишга топширилиши режелаштирилган.

Айтиш лозимки, масжид ўзининг кенг сиғими ва яратилаётган имкониятлари жиҳатидан юртимиздаги катта масжидлардан бири бўлади.

Жаҳонга машҳур ўзбек меъморчилик санъатининг силсиласи сифатида қад ростлаётган мазкур ибодатгоҳ кўпдан-кўп авлодлар учун муқаддас маскан бўлишини Аллоҳ таоло насиб этсин! 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими

Read 2773 times

Янгиликлар

Top