Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари “Ҳаким Термизий" зиёратгоҳига ташриф буюрди

Сурхондарёнинг юраги бўлмиш кўҳна Термиз ўзининг бой тарихи, дунёга машҳур олиму фузалолари билан тарих саҳифаларига, аллақачон, зарҳал ҳарфлар билан битилган дурдона шаҳарлар сирасига киради.
Сўнгги йилларда муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан бу заминда қўним топган бир қатор алломаларнинг қадамжолари, мақбаралари обод қилиниб, зиёратгоҳга айлантирилди.
Бугун мазкур гўшалар ўзининг салобати ва сержилолиги билан нафақат юртимиз, балки хорижлик зиёратчиларнинг ҳам эътиборини тортмоқда. Бир сўз билан айтганда, кўҳна воҳанинг гултожи бўлган Сурхондарё дунёнинг кўзга кўринган олиму уламолари, жаҳонгашта сайёҳларининг ташриф манзилига айланиб улгурди.
Мазкур вилоятда давлатимиз Раҳбарининг ташаббуслари билан барпо этилган Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, янгидан қурилган масжидлар ва “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан амалга оширилган хайрли ишларни кўздан кечириш мақсадида, бугун 10 октябрь куни, эрта тонгда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов Сурхондарё вилоятига жўнаб кетишди.
Улар манзилга етиб боришгач, ўз сафарларини улуғ бобокалонимиз Ҳаким Термизий қабрининг зиёрати ила бошлашди. Қуръони карим оятлари тиловат қилиниб, юрт ободлиги, халқимиз фаровонлиги, миришкор деҳқонларимизнинг ҳосилларига барака тилаб эзгу дуолар қилинди.
Маълумки, буюк мутафаккир зиёратгоҳи вилоятдаги энг обод, энг кўркам масканлардан бирига айланди. Бу даргоҳга зиёратга келувчи маҳаллий ва хорижий сайёҳлар сони ҳам йилдан-йилга кўпайиб бормоқда.
Муҳтарам Президентимизнинг тавсиялари асосида ушбу қадамжода кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Мақбаранинг ички қисми тўлиқ реконструкция қилиниб, нақшинкор жило берилган, Қуръони карим оятлари битилган. Натижада, улуғ аждодимиз мангу қўним топган табаррук гўша нафақат юртдошларимиз, балки хорижлик сайёҳларнинг ҳам севимли масканига айланди.
Сурхондарё вилояти сафари давом этмоқда.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2310 times

Янгиликлар

Top