Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Сурхондарёдаги зиёратгоҳларга ташриф буюрди

11 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов Сурхондарё вилоятига ташрифларининг иккинчи кунини Термиз шаҳри яқинидаги “Султон Саодат” мажмуаси зиёрати билан давом эттирдилар. Қуръони карим оятлари тиловат қилиниб, мазкур қадамжода мангу қўним топган Термиз саййидлари ҳақига бағишланди.
Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари мазкур мажмуада қурилиши режалаштирилган янги жоме масжид ва мажмуа лойиҳаси билан яқиндан танишиб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Шунингдек, Сурхондарё вилояти Шеробод туманидаги “Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий зиёратгоҳига ҳам ташриф буюрилди. Мажмуада аввал Қуръони карим оятлари тиловат қилиниб, улуғ аждодларимиз руҳига бағшида этилди ва элу юрт фаровонлигини тилаб эзгу дуолар қилинди.
Маълумки, муҳтарам Президентимиз тавсиялари асосида Сурхондарё вилояти Шеробод туманидаги Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий зиёратгоҳи тубдан қайта таъмирланиб, бутунлай ўзгача қиёфа касб этди. Бу ерда амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари самарасида ҳудуддаги бино-иншоотлар ҳам янгиланди.
Бугун бу ерга келган кишининг баҳри дили очилади. Атрофдаги ободончилик ишлари кўзни қувонтиради. Айниқса, мажмуанинг тунги кўриниши янада жозибалидир.
Муфтий ҳазратлари ташрифлари чоғида мажмуани янада обод қилиш ва зиёратчиларга қулай шарт-шароитларни ҳозирлаш борасида мутасаддилар билан фикр-мулоҳазалар алмашдилар. Бундай ишлардан Термизий бобомизнинг руҳи шод бўлиши, бу масканга келган одамнинг руҳи қувват олиб, эътиқоди мустаҳкамланишини алоҳида таъкидладилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1918 times

Янгиликлар

Top