Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазрат бунёдкорлик ишлари билан танишди

28 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари “Ҳазрати Имом” мажмуасида жойлашган “Мовароуннаҳр” нашриёти ёнида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларини кўздан кечирдилар.
Мазкур иншоотлар қурилиши ўтган йил сентябрь ойида бошланган бўлиб, бугунги кунда уч қаватли бинонинг қурилиш ишлари ниҳоясига етган, ҳозирда ташқи пардозлаш ишлари давом эттирилмоқда.
Муфтий ҳазратлари иншоотнинг фасади, хоналари, йўлаклари ва ҳар қаватни кўздан кечириб, уларнинг қандай безатилиши ва жиҳозланиши, келгусида яратиладиган шароитлар билан қизиқдилар.
Ташриф давомида муфтий ҳазратларига ушбу қурилиш жараёни, кўзда тутилган режалар ҳақида Диний идора Хўжалик бўлими мудири Жамилов Рустам батафсил маълумот берди.
Лойиҳага кўра, ушбу ҳудудда 3 қаватли муҳташам бино қад ростлайди. Мазкур бино ертўласида Ўзбекистон мусулмонлари идораси босмахонаси иш бошлайди. Муфтий ҳазратлари мутахассислар билан самимий мулоқот ўтказгандан сўнг қурилиш бўйича зарур таклиф ва тавсияларни бердилар.
Шу куннинг ўзида муфтий ҳазратлари “Муслим.тв” студиясига ҳам ташриф буюриб, Аллоҳ таолодан Ислом дини маърифати тараннуми йўлида бошланган ушбу хайрли ишларни баракотли бўлишини сўраб дуою фотиҳа қилдилар.
Шунингдек, муфтий ҳазратлари “Ҳазрати Имом” мажмуасида жойлашган иншоотлар, “Бароқхон”, “Мўйи муборак” мадрасалари, “Тилла Шайх” масжидини ҳам кўздан кечирдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1887 times

Янгиликлар

Top