Ўзбекистон янгиликлари

Муҳтазарга нисбатан қилинадиган одоблар

Халқимиз орасида маййитларни охирги йўлга кузатиш ўта муҳим масала бўлиб, кўпчилик билиши лозим бўлган нарсалардир. Муҳтазар (ўлими яқинлашган инсон)га нисбатан қилинадиган одоблар ҳақидаги маълумотга эга бўлмаганликлари сабабли ҳам ҳозирги вақтда кўпчилик орасида бу нарса турли бидъат-хурофотларни келтириб чиқармоқда.

Комил  мўмин  ўлимни охират ҳаётининг дастлабки босқичи, ундан кейин абадий ҳаёт бошланишини билганлиги сабабли, боқий дунё ҳаётини ўзининг солиҳ амаллари билан гўзаллаштиришга ҳаракат қилади ва бундай инсонлар ўлимга ҳамма вақт ҳозир бўлади.

Ўлимни эсламаслик кибр, манманлик, ғафлат, кайф-сафо, лоқайдлик каби қатор иллатларга олиб келади. Ҳамма йўллар инсонни ягона бир манзилга элтади. Мўмин киши, албатта, қилган эзгу амаллари, тоат-ибодатлари, Аллоҳнинг рози-ризолиги йўлида елиб-югурганлиги эвазига улуғ мукофотлар берилишидан умид этади. Зеро, Ҳақ таоло ўлимнинг ҳақлигига ишора қилиб айтади: “Ҳар бир жон ўлим (аччиғи)ни тотувчидир. Қиёмат кунида,   албатта, мукофотларингиз сизларга тўла-тўкис берилур. Бас, (ўша куни) ким дўзахдан узоқлаштирилиб, жаннатга киритилса, демак, у (катта) ютуққа эга бўлибди. Бу дунё ҳаёти эса, фақат ғурур (алдов) матоҳидир” (Оли Имрон сураси, 185-оят).

Мусулмон киши учун ўлим бу йўқлик эмас. Ўлим бу – бекатда бир муддат қолиб кетган йўловчининг кўзлаган манзилига етиб олиши. Мусофирнинг эса Ватанига қайтишидир. Бунда сафар юзасидан ҳисобот, ҳисоботга қараб мартаба берилади...

Мана шу мартабага етишишда эса ҳаётлик вақтимиздаги эзгу амалларимиз,  ўлим олди ва охират манзилига боришда ўзимиз ва яқинларимизни чиройли тарзда  тайёрлаш  муҳимдир.

Жорий йилнинг 30 октябрь куни “Кўзи ожизлар” маданият саройида кўзи ожизлар учун, 3, 10 ноябрь кунлари Тошкент шаҳридаги “Шайх Зайниддин” жоме масжидида “Карлар жамияти” аъзолари учун “Муҳтазарга нисбатан қилинадиганодоблар” мавзусида диний-маърифий суҳбат ўтказилди.

Тошкент шаҳар “Фирдавс” жоме масжиди имом-хатиби Бахтиёр Сатторов бемор олдидаги одоблар, ўлими яқинлашган инсонларга қилинадиган амаллар, маййитни ювиш ва кафанлаш, жаноза, маййитни дафн қилиш ҳақида маъруза қилди.

Аллоҳ таоло Анкабут сурасининг 57-оятида: «Ҳар бир жон ўлим (аччиғи)ни тотувчидир. Сўнгра (қиёмат куни) Бизга қайтарилурсиз», деб марҳамат қилган.

Ўлим ҳақ, ҳар қандай тирик жон бир кунмас-бир кун ўлим билан юзма-юз келади. Инсон шу муқаррар воқеликка муносиб тайёргарлик кўриши керак. Ҳеч ким қачон, қаерда, қандай ўлишини билмайди. Аллоҳ таоло бу ҳақида хабар бериб бундай дейди:

“Дарҳақиқат, Аллоҳнинг ҳузуридагина қиёмат (қачон бўлиши тўғрисида) билим бордир. У (хоҳлаганича) ёмғир ёғдирур ва бачадонлардаги нарса(ҳомила)ни билур. Бирор жон эртага нима иш қилишини билмас. Бирор жон қаерда ўлишини ҳам билмас. Албатта, Аллоҳ(ҳамманарсани)билувчи ва хабардор Зотдир” (Луқмон сураси, 34-оят).

Маъруза давомида имом маййитни ювиш учун сув топилмаганда таяммум қилдириш мумкинлигини тушунтириб ўтди. Маййитни ювиш ва кафанлаш ишлари амалий кўрсатиб берилди.

Имконияти чекланган фуқаролар қуйидаги саволларни беришди:

  • Маййитни аслида ким ювиши керак?
  • Маййитнинг оғзидаги тилла тишларни олиш мумкинми?
  • Маййит ювилган сув нима қилинади?
  • Вафот этган аёлларнинг тирноқлари ўсган ва лак сурилган бўлса, нима қилиш керак?
  • Инсон беморлиги туфайли бирор аъзоси кесилса, ўша аъзони у вафот этганда бирга кўмиш учун ишқорга солиб олиб қўйиш керакми?
  • Маййитнинг бурни ювилгандан кейин ҳам қон ёки йиринг келиб турса, нима қилиш керак?
  • Маййитнинг устидаги кийимларни нима қилиш керак?
  • Маййитни ювганда тушган тирноқ ёки соч толаларни нима қилиш керак?

Саволларга имом томонидан атрофлича жавоб берилди. Бу суҳбат ногиронлиги бўлган тингловчиларда катта қизиқиш уйғотди. Маъруза учун имомга миннатдорлик изҳор қилишди.

 

 

Мунира АБУБАКИРОВА,

ЎМИ мутахассиси

Read 1906 times

Янгиликлар

Top