Ўзбекистон янгиликлари

Катта Лангар Қуръонини таъмирлаш ишлари якунланди

Ислом динининг асосий манбаси ҳисобланган Қуръони каримнинг энг қадимий нусхалари халқимизнинг бебаҳо мероси сифатида қадрланади. Юртимиздаги ана шундай маънавий мерослардан бири Ўзбекистон мусулмонлари идораси музей-кутубхонасида сақланаётган VIII асрга оид “Катта Лангар Қуръони” саҳифаларидир.
Муҳтарам Президентимизнинг 2017 йил 24 майда “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида, қадимий ёзма асарларни бус-бутунлигини сақлаш борасида Диний идора томонидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, илғор хорижий тажрибалар ўрганилди, соҳанинг етук мутахассислари иштирокида ўқувлар ташкил этилди ва чет-эллик экспертлар юртимизга таклиф этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармойиши ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг 2019 йил 21 сентябрдаги 07/1-906-сонли топшириғи асосида Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Дин ишлари бўйича қўмита, Маданият вазирлиги томонидан “Мўйи муборак” музейида сақланаётган “Катта Лангар Қуръони” саҳифаларини маҳаллий ва Лувр музейи реставраторлари иштирокида Диний идоранинг консервация ва реставрацияси лабораториясида реставрация қилинди.

 

 

“Катта Лангар Қуръони” саҳифаларини консервация ва реставрация қилиш жараёнида Франциядан келган мутахассислар Аксель Дело, Аурель Стрери, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси косервация ва реставрация бўлими бош мутахассиси Шухрат Пўлатов, Ўзбекистон Республикаси Маданият Вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси бўлими ўринбосари Шаҳноза Ишматова, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Кутубхонаси мудири Камолиддин Маҳкамов ва етакчи мутахассис Саидраҳмат Икрамов иштирок этди.

 

 

7-11 ноябрь кунлари давомида “Катта Лангар Қуръони” саҳифаларини консервация ва реставрация қилиш жараёни биринчи босқичи якунланди. Кейинги йилнинг февраль ойидан реставрация давом эттирилади, сентябрь ойидаги учинчи босқич ишларидан сўнг жараён якунланади.
Маълумот ўрнида, Катта Лангар Қуръони Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги Лангар ота масжидида узоқ вақт сақлангани боис шундай ном олган бўлиб, Ислом оламидаги энг қадим тарихга эга Мусҳаф қўлёзмаларидан бири саналади.
«Катта Лангар Қуръонининг [Ўзбекистон Мусулмонлар идорасида сақланаётган қисми] 12 та бирлаштирилган саҳифа ва битта алоҳида ─ жами 13 та саҳифадан иборат. Саҳифалар XIX асрда муқоваланган. Қуръоннинг ўзи эса VIII асрда битилган деб ҳисобланади.
Катта Лангар Қуръонининг Ўзбекистонга қандай келиб қолгани ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Илмий тадқиқотлар хулосасига асосан, қўлёзманинг битилиши VIII асрнинг охирги чорагида – араб грамматикаси қоидалари шаклланган даврга тўғри келади.
Тахминларга кўра, Катта Лангар Қуръонининг умумий ҳажми 206 саҳифани ташкил этган. Ҳозиргача уларнинг фақатгина 97 таси сақланиб қолган. Қолган қисмининг тақдири номаълум. Саҳифаларнинг 81 таси Санкт-Петербургдаги Шарқ қўлёзмалари институтида сақланади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1820 times

Янгиликлар

Top