Ўзбекистон янгиликлари

Жоҳор штати муфтийси Ўзбекистон мусулмонлари идорасига ташриф буюрди

2019 йил 19 ноябрь куни Малайзиянинг Жоҳор штати муфтийси Ҳожи Аҳмад Файсал бошчилигидаги делегация Ўзбекистон мусулмонлари идорасига келди. Ҳожи Аҳмад Файсалга 7 та малайзиялик диний арбоблар ҳамроҳлик қилди. Улар:

 

- Ҳожи Баҳрин бин Жалол –Жоҳор штати Фатво қўмитаси котиби.

- Профессор Ҳусайн бин Салмон –Жоҳор штати Фатво қўмитаси аъзоси.

- Ҳожи Аноар бин Саримий – Жоҳор штати Бош қозиси (Жоҳор штати исломий-диний кенгаш аъзоси).

- Ҳожи Рамли бин Жусоҳ – Жоҳор штати Фатво қўмитаси аъзоси (Жоҳор штати исломий-диний кенгаш аъзоси).

- Хайрул Низам бин Мад Саид – Жоҳор штати исломий-диний кенгаш аъзоси.

- Ҳожи Моҳд Азҳар бин Самадун – Жоҳор штати исломий-диний кенгаши котиби.

- Алина Вонг хоним бинти Абдулла – делегация аъзоси.

 

Меҳмонларни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим домла Иномов, Халқаро алоқалар бўлими мудири Муҳаммад Акмалхон Шокиров ва  Халқаро алоқалар бўлими мутахассиси Абдулҳаким Арипов кутиб олди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим домла Иномов ушбу мартабали меҳмонлар билан мулоқот ўтказди. Учрашувда Иброҳим домла Иномов Диний идорани Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов бошқариши, уларнинг қўл остиларида нуфузли дин арбоблари ва ислом уламолари фаолият юритиши, диёримизда диний ибодатларни, маърака маросимларни эмин-эркин ва тинчлик-осойишталикда адо этиб келинаётгани, юртимиздаги хайрли ислоҳотлар, улкан ижроотлар ва илғор ташаббуслар амалга оширилаётгани, бугунги кунда 2000 дан ортиқ масжид, 2 та олий ислом билим юрти, 9 нафар ўрта махсус ислом билим юртлари ҳамда Ислом цивилизацияси маркази фаолият олиб бораётгани, ўтган давр мобайнида жуда ҳам катта ишлар қилингани, муҳтарам Президентимизнинг тарихий фармонлари эълон қилингани, унга кўра Ўзбекистон халқаро ислом академияси, “Вақф” хайрия жамоат фонди, ҳадис илми мактаби ташкил этилгани, диний соҳа ходимларига бир қатор имтиёзлар берилгани, диний таълим муассасалари ва илмий мактабларда “Қуръони карим ва тажвид” бўйича ўқув курслари ташкил этилгани ҳақида гапирдилар.

 

Ҳар йили мамлакатимиздан минглаб фуқаролар умра ва ҳаж зиёратига боришини, миллионлаб китоб, журнал ва газеталар чоп этилишини эътироф этди. Шунингдек, идора таркибида Ислом дунёсини ёритувчи хабарлар, нашрлар, савол-жавоблар ва қизиқарли мавзудаги мақолалар бериб бориладиган сайтлар мавжуд эканини айтди.

 

Малайзиялик меҳмон доктор Файсал ўз навбатида Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раҳбариятига қимматли вақтларини аямасдан қабул қилгани учун ташаккур билдирди. Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ҳақида берилган маълумотлар жуда фойдали бўлганини айтиб, Жоҳор штати муфтияти билан Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ўртасида яқин ҳамкорлик ўрнатиш истагида эканликларини билдирди. Доктор Файсал ташриф давомида Ўзбекистондаги тарихий обидаларни, Имом Бухорий, Хожа Нақшбанд ва бошқа зотларнинг хоки покларини зиёрат қилганидан жуда ҳам бахтиёр эканини сўзлаб берди.

 

Меҳмонлардан Ҳожи Баҳрин бин Жалол Хожа Нақшбанд юрти бўлган Ўзбекистонда нақшбандия тариқати билимдонлари бор-йўқлиги, улар билан алоқа боғлаш имконияти ҳақида сўради. Иброҳим домла Иномов, Бухорода ташкил этилган Тасаввуф илми мактабида мана шу илм чуқур ўргатилиши, у ерда етук устозлар мавжудлиги ҳақида маълумот берди.

 

Ҳусайн бин Салмон эса, Малайзияда фатво идорасининг ақида бўлими энг кўп ишлайдиган бўлим экани, аҳолининг эътиқодини соғломлаштириш билан шуғулланишини айтиб, Ўзбекистонда бу масала қандай эканини сўради. Иброҳим домла Иномов, ақида масаласининг нафақат Малайзия ва Ўзбекистонда, балки мусулмон дунёсининг деярли барча мамлакатларида энг долзарб масалалардан эканини, Ўзбекистонда ҳам аҳолига соф эътиқод асослари етарлича тушунтириб борилиши, ҳаттоки, имом-домлаларнинг барча таълим муассасаларида маърифий суҳбатлар ўтказиши ҳақида айтиб берди. Ҳаттоки, ҳозирги пайтда ногиронлиги бўлган кишиларга сурдо таржималари ташкил этилгани ҳақида маълумот берди.

Меҳмонлар Ўзбекистон Мусулмонлари идорасида катта таассурот олганларини изҳор қилиб, миннатдорлик билдиришди.

 

Учрашув якунида томонлар эсдалик совғалари алмашдилар.

 

 

 

 

 

 

 

 

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2027 times

Янгиликлар

Top