Ўзбекистон янгиликлари

Афғонистондан 160 дан ортиқ ёшлар таълим олиш учун Ўзбекистонга келди

“Ҳайратон” чегара-божхона постида Сурхондарё вилоятининг Термиз туманида фаолият юритаётган Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказида ўқиш истагини билдирган бир гуруҳ қўшни давлат ёшлари тантанали кутиб олинди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Шу муносабат билан таълим марказида бўлиб ўтган тантанали маросимда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили И.Иргашев, Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг ўринбосари С.Бузрукхонов, Афғонистон Ислом Республикасининг Термиз шаҳридаги консули С.Сикандарий, Афғонистон Олий таълим вазирлиги хорижий ўқув грантлари бўлими бошлиғи А.Ҳошимий, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказининг собиқ талабаси, Термиз давлат университети магистранти М.Фулодийлар Ўзбекистон билан Афғонистон ўртасидаги яқин қўшничилик, ўзаро ҳамкорлик ва азалий дўстлик алоқалари йилдан йилга мустаҳкамланиб бораётганини алоҳида таъкидладилар.

Президентимизнинг бевосита ташаббуси билан илмга чанқоқ афғон ёшлари учун Термиз туманида дунёда муқобили йўқ таълим муассасаси ташкил этилгани ҳам мамлакатларимиз ўртасидаги яқин дўстлик, қўшничилик, ўзаро ҳамкорлик алоқалари тамомила янги кўринишда юксалиб бораётганининг ёрқин ифодасидир.

Уч йилдан буён фаолият юритаётган барча замонавий шароитга эга таълим муассасасида ўтган йилларда 96 нафар афғонистонлик ёш ўзбек тили ва адабиёти мутахассислиги бўйича олий малакали мутахассис бўлиб камолга етди. Бакалавр дипломига эга бўлиб, ўз Ватани келажаги йўлида фаолият кўрсатмоқда. Айни пайтда йигирмадан ортиқ ёш темир йўл соҳаси йўналиши бўйича касб сирларини мукаммал эгалламоқда.

– Ўзбекистонга ўзгача ҳавас билан қараймиз, – дейди Фарёб вилояти Антихуй шаҳридан келган талаба Мухиба Коргар. – Шу боис сизлардаги осуда, фаровон ҳаёт ҳақида етарли тасаввурга эгамиз. Болаликдан шифокор бўлиб, жафокаш халқимизни даволашни орзу қилганман. Шу мақсадда лицейда ҳам тиришиб ўқиб, изландим. Мана бугун ана шу истакларим рўёбга чиқаётганидан қувончим чексиз. Бизда шифокорлар етишмайди. Бу ердаги тинчликнинг қадрига етиб, ҳар бир кундан унумли фойдаланаман. Устозлар таълимини олиб, етук шифокор бўлишга интиламан. Албатта, бунда шундай муҳташам таълим муассасасида яратилган замонавий шароитлар ҳам муҳим ўрин тутади. Биз, афғон ёшларининг бошини силаб, кўрсатаётган ғамхўрликлар учун яқин қўшнимиз, ишончли биродаримиз ўзбек халқидан, Ўзбекистон Президентидан беҳад миннатдормиз.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2424 times

Янгиликлар

Top