Тажвид - Қуръони каримни тўғри ва ўзига хос қоидалар асосида тиловат қилишни ўргатадиган илмдир. Яъни, Қуръонни Аллоҳ таоло пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилганидек ҳар бир ҳарфига махраж, сифат, ғунна, мад ва бошқалардан ҳаққини бериб тиловат қилишдир.
Тажвид илмини мукаммал ўрганиш, фарзи кифоядир. Аммо, Қуръонни ўқиётганда тажвидга амал қилиш, ҳар бир мусулмонга фарзи аъйндир. Айниқса жамоатга имом бўлувчи киши тажвид илмини яхши билиши лозим. Бу имомлик шартларининг аввалидир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги томонидан зарур лойиҳага қўл урилди. Ҳудудда фаолият юритаётган имом-хатиб ва имом ноибларининг Қуръон қироати, Тажвид борасидаги билимларини бойитиш, хато ва камчиликларини тўғирлаш мақсадида шаҳар ва туманлар бўйича Тажвид фанидан семинар машғулотлари олиб борилмоқда. Машғулотларни Тошкент ислом институти “Таҳфизул Қуръон” кафедраси ўқитувчилари олиб бормоқдалар.
Машғулотлар бир ҳафта давом этади, унда ҳар бир имом алоҳида кўрикдан ўтади. Шу вақтгача Олмалиқ, Оҳангарон Ангрен шаҳар-туманлари имомлари ўқитилган бўлса, ҳозирги вақтда Бекобод туманидаги "Оқ масжид" жоме масжидида навбатдаги ҳафталик бошланган.
Иштирокчи имомлар таассуротларини ифода этар эканлар: «Биз бир неча йиллардан буён таскин топиб юрган Қуръон ва тажвид илмига оид билимларимиз аслида ҳар дам маҳоратни ошириб боришни талаб этадиган билим экан. Семинар жараёнида Қуръон тиловатини ҳудди алифбодан бошлаб ўргангандаги завқ ва ҳаловатларимиз янгидан жўшқинланди…», дея ушбу семинарнинг нақадар юксак аҳамият касб этганини алоҳида таъкидлаб ўтдилар ва бу хайрли ишни ташкил этган мутасаддиларга ўз миннатдорчиликларини изҳор билдирдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими