Ўзбекистон янгиликлари

Хушхабар: Умра парвозлари икки бараварга оширилди

Шу йил 10 декабрдан Саудия Арабистонига Умра авиақатновларини бир кунда икки мартадан амалга ошириш бошланди. Шу кунга қадар умра ҳаво қатновлари бир кунда бир маҳал эди.
Зиёратчилар сони ҳам икки бараварга ошди. Ҳар бир авиақатновда 245 нафардан жами кунлик зиёратчилар сони қарийб 500 нафарга етди. Мана шундай “Умра – 2019/20” мавсуми парвозлари 2020 йил ёз ойларига қадар давом этади.
Умра зиёратлари ташкилий ишлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 июнь кунидаги 364-сонли “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори асосида тизимли равишда такомиллаштириб борилмоқда.
Юртимиз фуқароларининг муқаддас зиёратга бўлган эҳтиёжларини қондириш мақсадида, муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан Умра сафарига борувчи зиёратчилар сонини белгилаш бўйича чекловлар (квота) олиб ташланганини эслаб ўтиш ўринлидир.
Фуқароларимиз ушбу ўн кунлик умра сафари давомида Мадина шаҳрида 3 кун, Макка шаҳрида 7 кун бўладилар. Улар мазкур шаҳарларда барча зарур шароитларга эга меҳмонхоналарда истиқомат қиладилар ҳамда уларга тажрибали ишчи гуруҳи, элликбошилар ва малакали шифокорлар хизмат кўрсатади.
Зиёратчиларимиз ибодатлари мукаммал бўлиши учун уларга қулай шарт-шароитларни муҳайё қилиш борасида тинимсиз саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Зиёратчиларнинг саломатликларини сақлаш, ўзига хос иқлим шароитида эҳтиёткор бўлиш ва овқатланиш тартибига амал қилиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Мақсадимиз ҳар бир зиёратчига хавфсиз, қулай ва хотиржам ибодат қилиш имконини ҳосил қилишдир.
Аллоҳ таоло зиёратчиларимиз ибодатларини мақбул айласин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2490 times

Янгиликлар

Top