Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон элчихонаси АҚШдаги энг катта масжидлардан бирида брифинг ўтказди

Жорий йилнинг 13 декабрь жума куни Ўзбекистоннинг Америка Қўшма Штатлари пойтахтидаги элчихонаси АҚШ ғарбий соҳилидаги энг катта масжид - Виржиния штати, Стерлинг шаҳридаги Даллес мусулмон жамоатчилик маркази (ADAMS Center)да брифинг ўтказди. Бу ҳақда kun.uz нашри хабар беради.

Ушбу тадбир жума намози доирасида ташкил этилди. Унда 800 нафардан ортиқ киши иштирок этган.

Жума намозида мамлакатнинг АҚШдаги элчиси Жавлон Ваҳобов чиқиш қилиб, Қўшма Штатлар мусулмонлари учун Ўзбекистондаги зиёрат туризмининг улкан имкониятлари ҳақида сўзлаб берди. Ўзбекистонлик дипломат жума намозида мамлакатнинг бой тарихий-маданий мероси, анъанавий исломий қадриятларни жамиятда сақлаш ва тарғиб қилиш, шунингдек, мамлакатда диний эркинликни таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида батафсил маълумот тақдим этди.

Масжид бош имоми, ADAMS маркази раҳбари Имом Мажид намозхонларга мурожаат қилиб, республика раҳбарияти томонидан ислом дини ғояларини тарғиб қилишга катта аҳамият берилаётганини эътироф этди. «Ўзбекистон исломнинг асл моҳиятини сақлаб қолиб, уни ўқитишнинг илғор тажрибаларини жорий этиш, малакали мутахассислар - исломшунос олимлар тайёрлаш бўйича кучли ўзбек мактабини яратишга муваффақ бўлган мамлакат сифатида жаҳон ҳамжамияти учун намуна», - деди у.

Имом Мажиднинг таъкидлашича, «Ўзбекистон асрлар давомида бунёд этиш муҳити ҳукмрон бўлган, етакчи олимлар ишлаган, илғор илмий ишлар ишлаб чиқилган ислом цивилизациясининг марваридидир». У Имом ал-Бухорийнинг, Ал-Хоразмийнинг, Ибн Синонинг ҳиссасини алоҳида қайд этиб ўтди.

Америкалик имомга кўра, АҚШ мусулмонлар жамоатчилиги орасида миллий туристик брендни янада оммалаштириш учун мустаҳкам асос бўлган бир қатор омиллар мавжуд.

Биринчидан, Ўзбекистон қадимий шаҳарларнинг бой меъморий меросига эга.
Иккинчидан, мамлакатда кўплаб бебаҳо қўлёзмалар сақланмоқда, шу жумладан Усмон Мусҳафи.
Учинчидан, республикада исломий таълимотнинг институционал асослари яратилди.
Тўртинчидан, ҳукумат зиёрат туризмини ривожлантириш механизмларини фаол жорий этмоқда.
Бешинчидан, «Ўзбекистон дунёга кенг очилмоқда».

Жума намозидан сўнг Имом Мажид билан алоҳида учрашув бўлиб ўтди. Музокаралар чоғида амалий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Жумладан, америкалик мусулмонлар гуруҳларини мунтазам равишда Ўзбекистонга юбориш масаласи кўриб чиқилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1812 times

Янгиликлар

Top