Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазратлари сайловда қатнашдилар

Бугун, 22 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва халқ депутатлари Кенгашларига сайловлар бўлиб ўтди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ҳам оила аъзолари билан биргаликда Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги 162-сайлов участкасига ташриф буюриб, овоз бериш жараёнида қатнашдилар.
Таъкидлаш жоизки, бу йилги сайловлар ҳар қачонгидан кўра фаоллик билан янада файзли ўтди. Муфтий ҳазратлари ҳам оила аъзоларимиз билан Мирзо Улуғбек туманидаги 162-сайлов участкасига бирга келиб, ўзларига маъқул топган номзодларга овоз бердилар. Шундан сўнг, муфтий ҳазратлари ушбу участка масъуллари билан суҳбат қуриб, мамлакатимизга тинчлик, халқимизга фаровонлик ва сайлов жараёнлари муваффақиятли ўтишини тилаб, эзгу дуолар қилдилар.
Ўз навбатида айтиш керакки, бу йилги сайловларни муваффақиятли ўтишига уламолар, имом-домлалар ва мударрислар ҳам муносиб ҳисса қўшдилар. Бугунги овоз бериш жараёнларида диний соҳа ходимлари, айниқса, имом-хатиблар ҳам фаол иштирок этиб, барчага намуна бўлганларини алоҳида қайд этиш керак.
Дарҳақиқат, сайловлар олдидан депутатликка номзодлар дилидаги шижоат, тайёргарлик жараёнидаги жўшқинлик сайловчиларни ҳам фаолликка ундади. Сайловолди дастурларидаги миллийликка алоҳида эътибор қаратиш, ёшлар таълим-тарбиясини мустаҳкамлаш ва ижтимоий соҳани янада ривожлантириш билан боғлиқ режалар катта аҳамиятга эгадир.
Маълумки, охирги йиллардаги диний-маърифий соҳадаги улкан ўзгаришлар ва хайрли ислоҳотлар натижасида янги масжид-мадрасаларнинг очилиши, мўмин-мусулмонларга кенг имкониятлар берилиши Яратган Парвардигорнинг юртимизга берган улуғ неъматлари бўлди.
Бугунги сайловларда мўмин-мусулмонларимизда келажакка бўлган ишонч ва мамлакат тақдирига дахлдорлик ҳисси янада кучайгани яққол намоён бўлди.
Аллоҳ таоло мамлакатимиз тинчлигини барқарор ва халқимиз фаравонлигини янада зиёда айласин.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2088 times

Янгиликлар

Top