Ўзбекистон янгиликлари

IСESCO раҳбари биринчи ўринбосари Наджиб Рахиати бошчилигидаги делегация аъзолари Марказга ташриф буюрди

Айни кунларда мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган Фан, таълим ва маданият масалалари бўйича Ислом олами ташкилоти (IСESCO) раҳбари биринчи ўринбосари Наджиб Рахиати бошчилигидаги делегация аъзолари 19 февраль куни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига ташриф буюрди. 
Меҳмонлар дастлаб, Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини зиёрат қилди. Бу ерда муҳаддислар султони ҳақига Қуръон тиловот қилинди. 
Шундан сўнг делегация аъзолари Халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ҳадис илми мактабида бўлишди. Меҳмонларни Марказ директори Ш.Зиёдов кутиб олди ва муассасада илмий-тадқиқотчилар учун яратилган шароитлар билан яқиндан таништирди. Марказнинг ташкил этилиши, мақсад ва вазифалари, халқаро ҳамкорлик ва илмий-тадқиқот йўналишида олиб борилаётган ишлар, эришилган ютуқлар ҳақида сўзлаб берди.

Ўз ўрнида IСESCO бош директори ўринбосари Рахиати Салих Нажиб ҳам юртимизга ташрифи ҳақида сўзлаб берди. Ўзбекистонда сўнгги йилларда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади. Марказ директори билан 2020 йил Бухоро шаҳрининг “Ислом олами маданияти пойтахти” деб эълон қилингани муносабати билан Ўзбекистонда ўтказиладиган тадбирлар хусусида фикр алмашди. Шунингдек, айни масалалар юзасидан юртимиздаги қатор ташкилот ва идоралар раҳбарлари билан учрашганини айтиб ўтди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази 
Матбуот хизмати

Read 1568 times

Янгиликлар

Top