Аллоҳнинг ҳукми билан инсонлар моддий имкониятларига кўра турли тоифаларга бўлинди. Албатта Аллоҳ барчани бой қилишга қодир бўла туриб уларни бой ва камбағал қилиб қўйишида жуда кўп ҳикматлар бор. Аллоҳ баъзиларга ризқни кенг ва баъзиларга эса тор қилиб берганидаги асосий ҳикматлардан бирини баён қилиб шундай дейди:
وَلَوْ بَسَطَ اللَّهُ الرِّزْقَ لِعِبَادِهِ لَبَغَوْا فِي الْأَرْضِ وَلَكِنْ يُنَزِّلُ بِقَدَرٍ مَا يَشَاءُ إِنَّهُ بِعِبَادِهِ خَبِيرٌ بَصِيرٌ
яъни: «Агар Аллоҳ бандаларининг ризқларини кенг-мўл қилиб юборса, албатта, улар ер юзида тажовузкорликка ўтиб кетган бўлур эдилар. Лекин У ўзи хоҳлаганича ўлчов билан (ризқ) туширур. Албатта, У бандаларидан хабардор ва (ҳамма нарсани) кўриб турувчидир». (Шўро сураси 27 оят).
Садақа ва эҳсоннинг барча кўринишлари, хоҳ у нафл бўлсин хоҳ фарз бўлсин, барчаси гуноҳларнинг ўчирилишига сабаб бўлади. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «...Сув оловни ўчирганидек, садақа гуноҳларни ўчиради», дедилар». (Термизий ривояти)
Аллоҳ йўлида қилинадиган садақа ва эҳсонларнинг фазилати тўғрисида Қуръонда шундай дейилган:
إِنْ تُبْدُوا الصَّدَقَاتِ فَنِعِمَّا هِيَ وَإِنْ تُخْفُوهَا وَتُؤْتُوهَا الْفُقَرَاءَ فَهُوَ خَيْرٌ لَكُمْ وَيُكَفِّرُ عَنْكُمْ مِنْ سَيِّئَاتِكُمْ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ
яъни: «Садақаларингизни агар ошкора берсангиз, жуда яхши. Борди-ю, камбағалларга пинҳона берсангиз – ўзингиз учун янада яхшироқдир ва (У) гуноҳларингиздан ўтар. Аллоҳ қилаётган (барча) ишларингиздан хабардордир». (Бақара сураси, 271 оят)
Демак садақани хоҳ ошкора хоҳ яширинчи берсин, нияти холис бўлса, садақага ваъда қилинган мукофотга яъни гуноҳларининг кечирилишига эришади. Уламолар садақани инсоннинг имони борлигини тасдиқловчи амал дейишган. Чунки хайри эҳсон қилувчи киши ўзига бегона бўлган ва ҳеч ҳам манфаъат келмайдиган одамга имконидан келиб чиқиб бир нарсани беради. Абу Молик Ашъарий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Садақа ҳужжат ва далилдир (яъни имони борлигига)», дедилар» (Имом Термизий ривояти).
Бугунги кунда бу борада давлатимиз томонидан кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, кам таъминланган оилаларга, боқувчисини йўқотганларга ва етимларга жойлардаги маҳалла фуқаролари йиғинлари томонидан ҳар томонлама ёрдам бериб келинмоқда.
Шу ўринда айтиш жоизки бугун вилоят бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқулов бошчилигида вилоятимизда фаолият юритаётган 50 нафар имом-хатиб, имом-ноибларига ҳам эҳсонлар ташкил этилди.
Биз ўзимиз яшаётган маҳаллаларда кам таъминланган оилаларни, боқувчисини йўқотган фуқароларни ва ёлғиз кексаларни яхши биламиз. Биз уларга қўлимиздан келганича хайр саховат қилайлик. Шунингдек, “Меҳрибонлик“, “Мурувват” ва “Саховат” уйларига моддий ёрдамларимизни кўрсатиб Аллоҳ таоло томонидан бериладиган ажру-савобларга эга бўлайлик.
Аллоҳ таоло барчаларимизни яқинларга, муҳтож кишиларга яхшилик қилишда пешқадамлардан бўлишимизни, берадиган хайр-эҳсонларимизни ихлос ва чин дилдан ато этувчи саҳоватли инсонлар сафидан жой олишимизни насиб айласин, ҳидоят йўлида собитқадам қилиб, барчаларимизни икки дунё саодатига мушарраф этсин! Омин.