Ўзбекистон янгиликлари

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини Рамазони шариф билан муборакбод этди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 22 апрель куни глобал инқироз ва пандемия шароитида мамлакат аҳолиси бандлиги масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши аввалида коронавирус инфекциясига қарши кураш доирасида юртимизда амалга оширилаётган ишларга яна бир бор алоҳида тўхталиб ўтди.

“Бугунги кунга қадар 424 нафар юртдошимиз бу касалликдан халос бўлиб, реабилитация режимига ўтказилгани барчамизга, бутун эл-юртимизга катта куч беради.

Юзага келган вазиятни тўғри тушуниб, карантин қоидаларига оғишмай амал қилаётган, кўрилаётган чора-тадбирларни кенг қўллаб-қувватлаётган барча юртдошларимизга яна бир марта раҳмат айтаман.

Фурсатдан фойдаланиб, кечани кеча, кундузни кундуз демасдан, ҳақиқий қаҳрамонлик кўрсатиб, ушбу касалликка қарши курашаётган жонкуяр шифокорларимизга, улар билан бир сафда туриб хизмат қилаётган хорижий врачларга, шунингдек, ички ишлар, фавқулодда вазиятлар ва мудофаа вазирликлари ҳамда миллий гвардия ходимларига ўз номимдан, халқимиз номидан яна бир бор миннатдорчилик билдираман”, деган давлат раҳбари.

Шавкат Мирзиёев сўзида давом этаркан, жорий йилнинг 20 апрель куни ўтказилган йиғилишга эътибор қаратиб, шундай деган:

“20 апрель куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида биз халқаро ва миллий талабларга тўлиқ амал қилган ҳолда, мамлакатимизда карантин режимини босқичма-босқич юмшатиш, шу асосда тезроқ нормал ҳаётга қайтиш бўйича дастлабки чора-тадбирларни белгилаб олган эдик.

Бугунги кунда вирусдан холи ҳудудлардаги бир қатор саноат корхоналарида, қурилиш майдонларида, фермер ва кластер хўжаликларида, санитар-эпидемиологик нормаларга қатъий амал қилган ҳолда, ишлар аста-секин бошланди.

Айниқса, “кўкламнинг ҳар бир дами – ғанимат!” Деган даъватни ўзлари учун ҳаётий шиорга айлантириб, далаларимизда, томорқаларда тер тўкиб, ҳалол меҳнат қилаётган фидойи деҳқон ва фермерларимизга, кластер хўжаликлари раҳбарлари ва ишчи-хизматчиларига ўз раҳматимни айтаман”.

Бугунгача Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев йиғилиш ва давлат аҳамиятига молий тадбирларда видеоконференц алоқа орқали иштирок этаётган эди.Ушбу йиғилишларда иштирок этган вазирлар ва давлат ташкилотлари раҳбарлари ҳам ниқобларда намоён бўлганди. Президенти Шавкат Мирзиёев бу галги йиғилишни бевосита ўтказди ва унда иштирок этган давлат идоралари раҳбарларини ҳам ниқобсиз ҳолатда кўриш мумкин. Президентнинг таъқидлашича, мамлакатда коронавирусга қарши кураш давом эттирилади.

“Албатта, биз коронавирус пандемиясига қарши курашни бир лаҳза ҳам тўхтатмаймиз. Бу одамларимиз, аҳолимизнинг соғлиғи, ҳаёти билан боғлиқ ўта муҳим масала.

Айни пайтда, биз 34 миллионли халқимизни озиқ-овқат ва бошқа зарур маҳсулотлар билан кафолатланган ҳолда таъминлаш, фуқаролар даромадларининг пасайиб кетишига йўл қўймаслик, ёрдам ва кўмакка муҳтож юртдошларимизни қўллаб-қувватлашдек ғоят долзарб вазифани ҳам кечиктирмасдан ҳал қилишимиз керак.

Бунинг учун иқтисодиётимизнинг етакчи тармоқлари барқарор ишлаши шарт. Кўриниб турганидек, биз бир вақтнинг ўзида қатор мураккаб вазифаларни ечишимиз зарур.

Ҳозирги оғир пайтда аҳолимизнинг ёрдам ва кўмакка муҳтож қатламларини аниқ, манзилли асосда қўллаб-қувватлаш мақсадида “саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш ҳақидаги ташаббусни халқимиз, жамоатчилигимиз кўтаринки руҳда, қизғин кутиб олгани барчамизни, албатта, хурсанд қилади.

Бу масала бўйича муҳтарам фахрийларимиз, олимлар, маданият ва санъат арбоблари, ҳурматли уламоларимиз, бизнес ҳамжамият вакиллари, ёшларимиз томонидан телевидение ва рўзномаларда, ижтимоий тармоқларда билдирилаётган фикрлар, самимий муносабат бундай эзгу интилиш халқимизнинг юрагида, қалбида мужассам эканини яққол тасдиқлайди.

Бу самимий фикр-мулоҳазалар эл бошига иш тушган қийин дамларда бир-бирига елкадош бўлиш, бир-бирига эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш каби энг олижаноб фазилатлар халқимизнинг юрагида, қалбида азалдан мужассам бўлганини, бугун ушбу интилишлар янада кучлироқ жўш ураётганини намоён этади.

Шу маънода, улуғ шоир ва мутафаккир алишер навоий бобомизнинг “саховатли инсоннинг бошига жаннат дарахтлари соя солади” деган сўзларида чуқур ҳикмат бор, албатта.

Мен, мана шу ташаббусни чин дилдан қўллаб-қувватлаб, бу савобли ишга муносиб ҳисса қўшаётган барча ватандошларимизга, саховатли тадбиркорларимизга муқаддас китобларимизда айтилган: “яхшиликнинг мукофоти – фақат яхшиликдир”, деган гапни яна бир бор эслатмоқчиман.

Албатта, эҳтиёжманд, кам таъминланган инсонлар ва оилаларга меҳр ва ҳурмат билан ёрдам қўлини чўзадиган барча тадбиркорлар ва фермерларга, хўжалик бирлашмалари вакилларига, вазирлик, идора ва ташкилотларнинг ишчи-ходимларига бу қилган яхшиликлари бир неча бор зиёда бўлиб қайтади.

Таъкидлаб айтаман: ўз навбатида, давлатимиз, жамиятимиз саховатпеша тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди.

Уларга ҳеч қандай оғирлик тушмайди.

Шу маънода, “саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати давлатимиз ва халқимиз бирлигини, унинг беқиёс қудратини ёрқин намоён этиб, янги тарихимиз саҳифаларидан мустаҳкам ўрин олади, деб ишонаман”, дейди мирзиёев.

24 апрель куни бошқа мамлакатлар қаторида Ўзбекистонда ҳам муқаддас Рамазон ойи бошланади. Бунгача давлат раҳбари алоҳида қарор имзолади. Президент ўз нутқида Ўзбекистон халқини ушбу улуғ ой билан муборакбод этди.

“Мана, жонажон ватанимизга рамазони шариф кириб келмоқда.

Ушбу улуғ айём муносабати билан нуроний отахон ва онахонларимизни, қадрли ака-ука, опа-сингилларимизни, иймон-эътиқодли халқимизни чин қалбимдан муборакбод этаман.

Барчангизга тинчлик-омонлик, оилавий хотиржамлик, бахту саодат ёр бўлишини тилайман.

Бугунги ўткинчи қийинчиликларга қарамасдан, рамазони шариф ҳар доимгидек хонадонларимизга, дилларимизга қувонч, юртимизга файзу барака бахш этади, бир-биримизга бўлган меҳр-оқибатимизни янада зиёда қилади, деб ишонаман.

Фурсатдан фойдаланиб, узоқ-яқин мамлакатлардаги мўмин-мусулмон биродарларимизни ҳам самимий табриклаб, уларга ўз номимдан, халқимиз номидан тинчлик ва фаровонлик тилайман.

Ҳаммамизга аёнки, аллоҳ таолонинг марҳамати билан шаҳри рамазонда эзгу ниятлар ижобат бўлади.

Мана шу муборак ойда барчамиз тутган рўзаларимиз, қилаётган дуои фотиҳаларимиз, хайрли амалларимиз шарофати билан барча мамлакатлар қатори эл-юртимизни ҳам ушбу офатдан тезроқ халос этишини яратган парвардигордан сўраб қоламиз”.

Read 2334 times

Янгиликлар

Top