Ўзбекистон янгиликлари

Уламолар сув омборидаги фавқулодда ҳолат оқибатларини бартараф бўлишини сўраб дуолар қилдилар

Хабарингиз бор, Сирдарё вилоятида юзага келган фавқулодда ҳолат оқибатларини бартараф этиш бўйича тезкор чоралар кўрилмоқда. Муҳтарам Президентимиз зудлик билан Сирдарё вилоятига етиб борди, зарур вазифалар белгилаб олинди ва вазият тўлиқ назоратга олинди.
Давлатимиз раҳбари томонидан “Биронта хонадон, биронта одам эътиборсиз қолмайди”, деган қатъий ирода билан Ҳукумат комиссияси ташкил этилиб, фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этиш, аҳолини хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилиш ва уларга ҳар томонлама ёрдам бериш бўйича барча чора-тадбирлар кўрилди.
Президентимиз Оқолтин туманида аҳоли билан учрашиб, офатдан жабрланган ҳар бир инсон алоҳида эътиборга олиниши, ҳамма уй-жой ва озиқ-овқат билан таъминланишини таъкидлади.
Ҳозирда Дўстлик, Пахтакор, Зарбдор ва Мирзачўл туманларида ташкил этилган махсус штаблар томонидан мактаб, коллеж, хусусий корхоналар ва аҳоли хонадонларига фуқароларни жойлаштирилди.
Ҳозирда дамбадан сув чиқиши бутунлай тўхтатилди. Сув оқимлари Оқолтин тумани ҳудудидан ўтувчи Абай каналига туширилиб, вилоятдаги Арнасой кўлига йўналтирилган. Фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этиш ишлари жадал давом эттирилмоқда.
Юртимиз уламолари ҳам сув омборидаги фавқулодда ҳолат оқибатларини бартараф бўлишини Яратган Парвардигордан сўраб, динимизда тавсия этилган амаллар адо этмоқдалар. Ислом дини манбаларида ҳар бир ҳолат учун – яхши-ёмон кунлар, хурсандчилик-мусибатли дамларда ўзига хос амаллар ва дуоларни қилиш ҳақида баён этилган.
Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятларнинг 36 та минтақасидаги табаррук уламоларимиз ва имом-домлаларимиз мазкур нохуш ҳодисанинг салбий оқибатларини Аллоҳ таборака ва таолодан бартараф этишини сўраб, Қуръони карим оятларидан тиловат ўқилиб, муборак Рамазон кунларида дуою тазаррулар қилинди.
Шу куннинг ўзидаёқ имом-хатиблар, имом ноиблари ва мадрасалар талабалари томонидан 420 та хатми Қуръон қилинди.
Шунингдек, хайрия тадбирлари доирасида 4 бош қорамол, 85 та қўй сўйилиб, кам таъминланган оилалар, ёрдамга муҳтож кишилар, етим-есирлар ва дуоси мустажоб инсонларга тарқатилди.
Мана шундай машаққатли шароитда энг асосийси саросимага тушмасдан, елкама-елка туриб, саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва бошга келган ташвишни сабр-матонат билан енгиш ўта муҳимдир. Муҳтарам Президентимиз ҳамма куч ва воситаларни сафарбар қилишни таъкидлар экан “Худонинг ўзи ҳаммамизга сабр берсин, ўзи қўллаб-қувватласин”, дея барчани бардамликки чорлади.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1892 times

Янгиликлар

Top