Ўзбекистон янгиликлари

Рўзанинг баракоти сабабли беморликлардан ҳимоя

Ҳакимул уммат, мавлоно Ашраф Али Таҳановий раҳматуллоҳи алайҳ бундай дейдилар:

Худди рўза ботиний беморликлар яъни, гуноҳлардан сақлагани каби, жуда кўп зоҳирий (яъни, жисмоний) беморликлардан ҳам сақлайди. Чунки, жуда кўп беморликлар еб-ичишдан пайдо бўлади. Рўза сабабли уларда камлик бўлади ва бундай касалликлар ҳам юзага келмайди. Қуйидаги ҳадисда унга ишора қилингандир:

Ҳазрати Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ҳар нарсанинг закоти бор ва баданнинг закоти рўзадир" дедилар (Ибн Можа ривояти).

ФОЙДА: Яъни, худди закот ила молнинг кир-чири кетганидек, рўза ила баданнинг кир-чири, яъни беморликлар пайдо бўлишига сабаб бўладиган айниган моддалар кетади. Қуйидаги ҳадисда бу маъно очиқ-ойдин келгандир:

Ҳазрати Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Рўза тутинг, соғ бўласиз", дедилар (Имоми Табароний ривояти).

Рўза сабабли зоҳирий ва ботиний зарарлар кетганидек, ундан зоҳирий ва ботиний хурсандчилик ҳам ҳосил бўлади. Чунончи, Ҳазрати Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан  ривоят қилинган бир узун ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Рўзадорга икки хурсандчилик бор: Бир хурсандчилик ифторлиги вақтида. Иккинчи хурсандчилик Роббисига йўлиққан вақтида" дедилар (Имоми Бухорий ривояти).

 

"Муборак Рамазон аҳкомлари" китобидан. Урду тилидан

Тошкент шаҳар, Уч-тепа тумани, "Ҳазрати Али" масжиди ноиби-имоми Абдулқайюм Комил таржимаси.

Read 1814 times

Янгиликлар

Top