Ўзбекистон янгиликлари

Наманган вилояти вакиллигидан Сирдарёга "Саховат ва кўмак" карвони юборилди

“Сирдарёликларга кўмак” акцияси доирасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Наманган вилояти вакиллиги томонидан “Сардоба” сув омбори тўғони бузилиши оқибатида келиб чиққан табиий офатдан жабр кўрган сирдарёликларга озиқ-овқат ва кийим кечак ёрдамлари жўнатилди.

“Сирдарёликларга кўмак” акцияси доирасида вилоятдаги барча жомеъ масжидлари томонидан ҳомийларни жалб этган ҳолда ташкил этилган "Саховат ва кўмак" карвони 7 та ISUZU юк машинасида Сирдарё томон йўлга чиқди.

Юборилган 310 қутидан иборат мазкур ёрдам таркибида озиқ-овқат маҳсулотлари – ун, гурунч, ўсимлик ёғи, тухум, макарон, ҳолва ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, шунингдек, кийим-кечак ва уй-рўзғор буюмлари, дори-дармон ва бошқа кундалик эҳтиёжлар учун зарур бўлган маҳсулотлар ўрин олган.

Эслатиб ўтамиз, моддий ёрдамлар Сирдарё вилояти Гулистон шаҳридаги “Исо ўғли Мусо” жоме масжиди имом-хатиби Жалолов Авазхонга қарашли қуйидаги пластик карта рақамига ўтказилмоқда.
8600 3329 4470 9496, JALOLOV AVAZKHON номида, мурожаат учун телефон: +998949190220. Хориждаги ватандошларимизда ҳам меҳр-саховат қилиш истаги бўлса ушбу телефон орқали боғланиб, маълумот олишлари мумкин.
Олий ҳимматингиз учун ташаккур.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2037 times

Янгиликлар

Top