Ўзбекистон янгиликлари

«Меҳр-саховат» кўкрак нишони таъсис этилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Меҳр-саховат» кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

 «Меҳр-саховат» кўкрак нишони билан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари:

- жаҳон миқёсида кенг тарқалиб, глобал муаммога айланган коронавирус пандемияси даврида, шунингдек, турли табиий офатлар, фавқулодда ҳолатлар туфайли эл-юртимиз бошига тушган синовли кунларда мавжуд хавф-хатарларга қарши курашда, уларнинг оқибатларини бартараф этишда мардлик ва жасорат намунасини кўрсатгани;

- танти ва олижаноб халқимизнинг буюк тарихий ва маънавий қадриятларини, миллий анъаналарини муносиб давом эттириб, меҳр-оқибат, саховат ва ҳиммат каби юксак фазилатларни улуғлаб келаётгани;

- аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни умумхалқ ҳаракати даражасига кўтаришга катта ҳисса қўшгани;

- хайрия ва саховат маблағларини тўғри ва холис йўналтириш, қийин аҳволга тушган аҳолига ўз вақтида беминнат кўмак беришдаги ташаббускорлиги;

- бугунги мураккаб ва оғир шароитда жамиятда тинчлик-осойишталик, бирлик ва ўзаро ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлашдаги фаоллиги;

- беғараз ҳомийлик ёрдами ҳамда эзгу ишлари билан кўпчиликка алоҳида ўрнак бўлгани учун мукофотланади.

«Меҳр-саховат» кўкрак нишони билан Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар ҳам тақдирланиши мумкин.

Меҳр-саховат» кўкрак нишони Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки унинг номидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, вазирлик, идора ва жамоат бирлашмаларининг республика органлари раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари, шунингдек, бунга вакил қилинган бошқа шахслар томонидан тантанали вазиятда топширилади.

Манба: yuz.uz

Read 2244 times

Янгиликлар

Top