Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазратлари ёрдамчи хўжаликлар фаолияти билан танишдилар

13 июнь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов Тошкент вилояти Қибрай туманида жойлашган ёрдам хўжалик ерларида олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишдилар.
Маълумки, сўнгги вақтларда муҳтарам Президентимиз ўтказилган йиғилишларда бу йилги мураккаб вазиятни ҳисобга олиб, ҳосилдор ерлардан 2-3 марта экин экиш ва қўшимча ҳосил олиш биринчи даражали вазифа экани таъкидланди. Зеро, бугунги оғир дамларда аҳоли рўзғорининг бутлигини таъминлашга мавжуд имкониятларни амалга ошириш орқалигина эришилади.
Муфтий ҳазратлари ёрдамчи хўжаликлар фаолияти билан танишиш мобайнида иссиқхоналардаги полиз маҳсулотлари ва лимон кўчатларини етиштиришда ҳар бир жиҳатга катта эътибор қаратиш муҳимлиги, мўл ҳосил олиш учун барча имкониятларни ишга солиш зарурлигини алоҳида таъкидладилар.
Қайд этиш керакки, Ислом манбаларида машҳур саҳоба Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу мўл ҳосил олиш учун ўз ерига ўғитлар билан ишлов берганлари кўп бор баён этилган. Зеро, Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам муборак ҳадисларида: “Ерда экин-тикин қилиб ризқ-рўзингизни талаб қилингиз”, деган эдилар (Имом Табароний ривояти).
Демак, ҳар бир қарич ердан унумли фойдалансак, астойдил меҳнат қилсак, халқнинг дастурхонини тўкин қилиш баробарида улуғ савобларга ҳам эришилади.
Муфтий ҳазратлари ёрдамчи хўжаликлар фаолиятини кўздан кечириш асносида мебель маҳсулотлари ва эшик-ром ишлаб чиқарадиган цехлар ишини ривожлантириш бўйича ҳам муҳим тавсияларни бердилар.
Ўз навбатида соҳа мутахассислари ёрдамчи хўжаликларда олиб борилаётган ишлар, келгусидаги режалар ва кутилаётган натижалар ҳақида мутасаддиларга батафсил маълумот тақдим этдилар.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2033 times

Янгиликлар

Top