Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазратлари Сирдарё вилоятида қайта қурилаётган масжидларга тамал тоши қўйдилар

Бугун, 17 июнь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов Сирдарё вилояти Сардоба туманида жойлашган “Алишер Навоий” ва “Юсуф” жоме масжидларини қайтадан қуриш ишларини бошлаш маросимида иштирок этдилар.
Ушбу жоме масжидлар сув омборида юзага келган фавқулодда ҳолат натижасида катта зарар кўрган эди. Орадан кўп ўтмасдан ҳудуддаги масжидларни “Вақф” хайрия фонди томонидан қайта қуриш ва таъмирлаш ишлари бошлаб юборилди.
Ташрифларнинг аввалида Қуръони карим тиловат қилингач, ушбу масжидларнинг то қиёматгача Аллоҳ таолога ибодат қилинадиган, хатми Қуръонлар, зикру тасбеҳлар ўқиладиган саждагоҳ бўлишини, моддий ва маънавий обод айлаши, мўмин-мусулмонлар ибодат қиладиган байтуллоҳ бўлишини тилаб, хайрли дуолар қилинди.
“Алишер Навоий” масжидини қайта қуриш учун туман ҳокимияти томонидан янги ер майдони ажратилди. Ушбу ҳудуд аҳоли учун қулайлиги, автотураргоҳ учун алоҳида жой мавжудлиги билан маҳаллий аҳолини хурсанд қилди. Шу куни мутасаддилар Сардоба туманида жойлашган “Юсуф” масжидида ҳам бўлиб, бу ерда олиб борилаётган қурилиш таъмирлаш ишлари билан яқиндан танишдилар.
Шундан сўнг муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари масжидларнинг тамал тошини табаррукона қўйиб бериб, уларнинг қурилишига оқ фотиҳа бердилар. Муфтий ҳазратлари бошчилигидаги бир гуруҳ дин пешволари масжид қурилишига моддий ва маънавий ёрдам бераётган барча-барчасининг ҳаққига дуолар қилдилар.
Бундай эзгу ишларга ҳисса қўшиш истагидаги қурувчилар ўз маҳоратларини кўрсатиб, бор куч-ғайрат билан меҳнат қилишмоқда. Зеро, масжид қуришнинг савоби улуғ экани Ислом манбаларида баён қилинган. Бу ҳақда Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан бундай ривоят қилинган: “Ким масжидда битта чироқ ёқса, ўша чироқнинг нури ўчгунича фаришталар у кишининг ҳаққига истиғфор айтиб турадилар”. Мана шундай савобли ишларга мухлис халқимиз масжидлар биноси қурилишида фаол иштирок этмоқда.
Аллоҳ таоло ушбу жоме масжидларни тез кунларда бунёд этилиб, халқимизга муборак айлашини насиб этсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2019 times

Янгиликлар

Top