Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазратлари Олий маъҳаддаги бунёдкорлик ишлари билан танишдилар

Бугун, 23 июнь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Имом Бухорий номли Тошкент ислом институтида олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишдилар.

Ташриф давомида Муфтий ҳазратлари ушбу ўқув даргоҳи ҳудудида қад ростлаётган 4 қаватли бинода бўлаётган қурилиш жараёни ҳолатини кўздан кечириш чоғида ўқитувчи ва талабаларга қулай шарт-шароит қилиш, қўшимча бинонинг олийгоҳ фаолиятидаги таълим жараёнига ижобий таъсири ҳақида маслаҳатлар бердилар. Шунингдек, қурилиш-монтаж ишларини миллий ва замонавий меъморчилик анъаналарига тўла мос ҳолда амалга ошириш юзасидан муфтий ҳазратлари алоҳида тавсиялар тақдим этдилар.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент ислом институти ҳудудида барпо этилаётган мазкур бино қурилишига Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармаси томонидан 2019 йил ноябрь ойида 4 қаватли маъмурий бино қуришга рухсат берилган эди.
Қурилиш ишлари 2019 йил ноябрь ойи ўрталарида бошланди. Унда асосан талабалар турар жойи ва маъмурий хоналарни жойлаштириш режалаштирилган. Ҳозирда ёнғин хавфсизлиги зинасини қуриш ва бинонинг олд қисмида пардозлаш ишлари олиб борилмоқда. Қурилиш ишлари келаётган 3-4 ой ичида тугалланаши мўлжалланмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2492 times

Янгиликлар

Top